Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва арзон нархларда дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш мақсадида нархлар шаклланишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, фармацевтика саноатини қўллаб-қувватлаш ва ички бозорни маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлдириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

Хусусан, улгуржи ва чакана савдо учун чекланган савдо устамалари белгиланди, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ўрнатилган нархларда сотиш тизими жорий этилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини оширилган нархларда сотиш ҳолатларини профилактика қилиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида товар чекларини бериш талаби киритилди.

Фармацевтика тармоғида тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди, фармацевтика саноатини жадал ривожлантириш учун эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди.

Шу билан бирга, мазкур йўналишда аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш аҳволига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор жиддий хато ва камчиликлар мавжуд, жумладан:

биринчидан, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш муддатларини сунъий кечиктириш ҳамда ички бозорда тақчилликнинг юзага келишига олиб келувчи импорт қилишдаги ортиқча тартиб-таомиллар;

иккинчидан, валюта ресурсларидан оқилона фойдаланиш, импорт ва маҳаллий ишлаб чиқариш мувозанатини таъминлаш учун дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжларни белгилашнинг аниқ механизмлари мавжуд эмаслиги;

учинчидан, четдан олиб келинаётган ва республикада ишлаб чиқарилаётган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига чекланган нархларни белгилаш тартибининг мукаммал эмаслиги;

тўртинчидан, маҳаллий хомашё ресурсларидан етарли даражада фойдаланилмаслиги сабабли мамлакатимиз фармацевтика корхоналарининг четдан харид қилинадиган хомашё ва материалларга юқори даражада қарамлиги;

бешинчидан, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш учун лицензия бериш бўйича ҳудудий комиссиялар ишидаги камчиликлар, шу жумладан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи тузилмаларнинг мавжуд эмаслиги.

Юқорида кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш, аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий тақчиллик ва нархларнинг ошириб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

2017 йил 1 августдан бошлаб Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш истисно тариқасида “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси (кейинги ўринларда “Ўзмедэкспорт” РТИДК деб юритилади) томонидан Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси тасдиқлайдиган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан амалга оширилади;

2017 йил 1 июлгача тузилган импорт контрактлари бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш ва сотиш уларни тузиш санасида амалда бўлган шартлар ва белгиланган нархларда амалга оширилади;

тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаштириш фақатгина “Ўзстандарт” агентлигида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади.

“Ўзмедэкспорт” РТИДК Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини 2017 йил иккинчи ярим йиллигида уларга бўладиган қўшимча эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб берилишини таъминласин.

“Ўзмедэкспорт” РТИДКга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш бўйича агентларни шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда “Ўзмедэкспорт” РТИДКнинг омбор ва музлатиш хоналари, шунингдек логистика тармоқларини ташкил этиш бўйича таклиф киритсин.

2. Белгилансинки, дорихоналар 2018 йил 1 январга қадар дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишни амалга ошириш лицензияларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида қайта расмийлаштиришлари шарт.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари бошқарув ходимларининг чекланган сонини 30 тага оширган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларида 2 нафар, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасида 4 нафар штат бирлигидан иборат дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири (А.Шадманов) икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тузилмаларига ўзгартишлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзфармсаноат” ДАК билан биргаликда бир ой муддатда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатини танқидий қайта кўриб чиқиб, натижаси бўйича шифокорнинг қатъий рецептига асосан сотиладиган дори воситаларини рўйхатга киритиш орқали уни келгусида заруратга кўра янгилашни инобатга олган ҳолда мақбуллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

Давлат статистика қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда касалланиш, беморлар сони, даволаниш курслари ва бошқа мезонларни инобатга олган ҳолда дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжни аниқлашнинг самарали методологияси, шунингдек манфаатдор вазирлик ва идоралар, фармацевтика корхоналари ва улгуржи ташкилотларга эҳтиёж ҳақидаги маълумотларни етказишни назарда тутувчи Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси бир ой муддатда белгиланган нархни шакллантириш жараёнига курс фарқлари ўзгаришининг таъсирини камайтиришни назарда тутган ҳолда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари савдо номлари ва тиббиёт буюмларига белгиланган улгуржи ва чакана нархларни ўрнатиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мутахассисларни жалб этган ҳолда бир ой муддатда “Ўзфармсаноат” ДАК ва унинг тизимига кирувчи корхоналарнинг фаолиятини, шу жумладан ишлаб чиқариладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари нархлари шаклланишини, шунингдек корхоналарни ишлаб чиқарувчи деб тан олиш учун маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражасини танқидий ўрганиб чиқсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари штат жадвалини тасдиқласин ҳамда олий фармацевтика маълумотига ва фармацевтика соҳасида камида уч йиллик меҳнат стажига эга юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” АК, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда дорихоналар ва уларнинг филиалларини товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуна ва дастурий комплекслар билан жиҳозлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 январга қадар дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш фаолиятини лицензиялаш бўйича янгиланган талаблардан келиб чиққан ҳолда дорихоналарнинг амалдаги лицензиялари қайта расмийлаштирилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда қатъий ҳисоби юритиладиган бланк ҳисобланадиган, товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳолларда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китобининг шаклини тасдиқласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари бузилиши, шу жумладан дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини шакллантириш тартиби қўпол бузилганлиги оқибатида лицензияси тугатилган дорихоналар манзиллари ва қонунбузилишларга бевосита алоқадор ходимлар (провизорлар, фармацевтлар)нинг барча учун очиқ бўлган ягона реестрини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш учун лицензия бериш бўйича ҳудудий комиссиялар Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар ойда дорихоналарнинг ягона манзиллар реестри ва ходимлар (провизорлар, фармацевтлар)нинг реестрига киритиш учун маълумотларни тақдим этиб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида ўзининг ижтимоий дорихона тармоқларини ташкил этиш;

фуқаролар томонидан дори воситалари назоратсиз қўлланилишининг, шу жумладан дори воситаларини фақатгина шифокорлар рецепти асосида сотиш тўғрисидаги талабларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш орқали олдини олиш, Рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатига киритилган дори воситалари бундан мустасно;

шифокор рецепти бўйича бериладиган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаларининг сотилишини мониторинг қилишни таъминловчи ахборот тизимларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (А.Н.Юнусходжаев) ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини ва республиканинг даволаш-профилактика муассасаларини улар билан таъминлаш аҳволини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этсин.

Ишчи гуруҳи мониторинг жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланган нархларга риоя қилишнинг аҳамияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 17 июль

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 

“Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан 

таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча 

чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига

 

ШАРҲ
Фуқароларни арзон нархларда зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилишининг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу муносабат билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини арзон дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, шунингдек уларнинг нархларини сунъий ошириб юбориш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан улгуржи савдо учун – сотиб олинган қийматнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда, чакана савдода эса – улгуржи нархнинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари белгиланди.

Хорижда ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотишнинг тизими жорий этилди.

Фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.

Шу билан бирга, аҳолини зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш аҳволига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор жиддий хато ва камчиликлар кузатилмоқда, жумладан:

амалдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини импорт қилишдаги ортиқча тартиб-таомиллар уларни етказиб бериш муддатларининг сунъий кечиктирилиши ва ички бозордаги тақчиллиги юзага келишига олиб келмоқда;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжни белгилаш бўйича аниқ механизмларнинг мавжуд эмаслиги импорт ва маҳаллий ишлаб чиқариш мувозанатини таъминлаш ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни прогноз қилиш имконини бермаяпти;

импорт қилинаётган ва республикада ишлаб чиқарилаётган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига чекланган нархларни белгилаш тартибининг мукаммал эмаслиги кузатилмоқда;

фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг етарли даражада маҳаллийлаштирилмаганлиги маҳаллий фармацевтика корхоналарининг импорт хомашёси ва материалларига юқори даражада қарамлигини юзага келтирмоқда, оқибатда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархлари кескин ошмоқда;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш учун лицензия бериш бўйича ҳудудий комиссияларининг фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган, бу лицензия талаб ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу қарорда аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг тақчиллиги вужудга келишига йўл қўймасликка қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Жумладан ушбу қарорга мувофиқ 2017 йил 1 августдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш фақатгина “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Ушбу корхонага ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшимча эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб берилишини таъминлаш топширилди.

Бундан ташқари, тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаш сифатини янада ошириш мақсадида ушбу фаолиятнинг фақатгина давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензиялари 2018 йил 1 январга қадар қайта расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Бунда қайта расмийлаштириш янги лицензияловчи орган – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

Ушбу мақсадларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатини қайта кўриб чиқиш, натижаси бўйича уни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш;

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситаларининг савдо номлари ва тиббиёт буюмларига белгиланган улгуржи ва чакана нархларни ўрнатиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш;

дорихоналар ва уларнинг филиалларини товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуна ва дастурий комплекслар билан жиҳозлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, шунингдек товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳолларда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китобининг шаклини тасдиқлаш вазифалари юклатилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиб, аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш уларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Умуман олганда, қабул қилинган қарор фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, аҳолини арзон нархларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш имконини беради