Шавкат Мирзиёев: Миллий армиямиз – ғурур-ифтихор, куч ва билим тимсоли

Шавкат Мирзиёев: Миллий армиямиз – ғурур-ифтихор, куч ва билим тимсоли

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифининг иккинчи куни “Фориш” тоғ-дала ўқув базасида бўлди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг энг муҳим стратегик нуқтасида жойлашган. Бу эса, мамлакатни ҳар жиҳатдан ишончли ҳимоя қилишни, йилдан-йилга шакл ва услублари ўзгариб бораётган қуролли таҳдидларга қарши қўшинларни тезкор тайёрлашни тақозо этади.

Дунёда содир бўлаётган ҳарбий ҳаракатлар таҳлили асосида барпо этилган мазкур полигонда жанговар тайёргарликни ошириш юзасидан қўйилган вазифалар бажарилмоқда. Бироқ таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётгани қўшинларнинг таркибий тузилиши ва вазифаларини қайта кўриб чиқишни, эришилган натижаларни танқидий таҳлил қилиб, янги инновацион технологиялар асосида тактик тайёрлаш ва уни мунтазам такомиллаштириб боришни талаб қилмоқда.

1c274eec-1791-7971-daf0-9f2ea39ad74d.jpg

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида жанговар таркибнинг янги қиёфасига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбари мазкур тоғ-дала ўқув базасида ҳарбийларга яратилган шароитлар билан танишди.

-Бу ерда ҳарбийларга барча шароитлар яратиш зарур. Ҳар бир ётоқхона олдида ҳаммом ташкил қилиш керак, – деди Президент. – Барчамиз шуни яхши билишимиз лозим, бугунги ҳарбий хизмат юқори тайёргарлик ва замонавий кўникмаларни талаб қилади.

Давлатимиз раҳбари ҳарбийлар учун ажратилган ётоқхона, машғулотлар майдонларида бўлди.

Ўқув базаси мотоўқчи батальони, танк бўлинмаси, артиллерия батареялари, мерганлар гуруҳи, авиация жанговар бўлинмаси, разведка, учувчисиз учиш аппаратлари, радиоэлектрон кураш гуруҳлари, муҳандис-сапёр ва олов бригадалари бўйича машғулотлар майдончаларига эга.

6a08bd85-d2d4-a92d-45e6-4ec457ab1a13.jpg

Бу ерда жанговар ҳаракатлар давомида шахсий таркибнинг кучли руҳий таъсир ва зарбаларга дуч келиши инобатга олиниб, машғулотларда батальон тактик гуруҳларининг ҳар қандай мураккаб синовларга бардошлилигини оширишга қаратилган иннвоцион технологиялар жорий этилган.

Ўқув базасида баландлиги 1000 метргача бўлган мураккаб тоғ ва қоялардаги ўқув жойларида шахсий таркибнинг тактик ҳаракатланиш кўникмаси оширилади. Бу ерда ҳарбий соҳадаги янгиликлар ва бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, тактик гуруҳларнинг бошқарув органлари ва жанговар бўлинмалар имконияти, аскардан командиргача барча ҳарбий хизматчи қўллаётган тактикани такомиллаштириш имконияти мавжуд. Қисқа муддатда мамлакатимизнинг исталган ҳудудида ҳар қандай жанговар топшириқни бажариш кўникмасини юзага чиқарадиган машғулотлар амалиётга киритилган.

44fbde00-54ca-f0f1-1315-c9854ce1abc7.jpg

Қўшинларнинг бошқарув тизимини автоматлаштириш, жанговар шайлик ва салоҳиятни кучайтириш борасида илғор хорижий тажрибалар ўрганилмоқда. Россия, АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар ҳарбий бўлинмалари иштирокида ўтказилаётган ҳамкорликдаги назарий ва амалий машғулотлар жанговар тайёргарлик тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Дала машқларига чиққан ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш мақсадида база кутубхонаси турли мавзудаги адабиётлар ва кундалик нашрлар билан таъминланган. Шунингдек, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаоллари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал беллашув ва ўйинлар, шахмат-шашка, стол тенниси, футбол, волейбол каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади.

67fc1251-943d-b95b-201a-92bb9705563a.jpg

-Бу каби ҳарбий ўқув базалар концепциясини ишлаб чиқиш керак,- деди Шавкат Мирзиёев. – Ҳозир бу ердаги барча нарсалар маънавий эскирган. Ҳарбийлар бу ерга келганда ҳақиқий ватанпарварлик руҳини ҳис қилиши керак.

“Фориш” тоғ-дала ўқув базасида ўтказилаётган тайёргарлик машғулотлари тоғ ва чўл ҳудудларида, фавқулодда ўзгарувчан вазиятларда, ҳар қандай об-ҳаво шароитида топшириқларни кечаю кундуз тўлақонли бажаришга, жанговар ҳаракатларни ташкиллаштириш ва узлуксиз бошқарувни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз ўқув-машғулотларини кўздан кечирди. Машғулотларнинг бирида шартли қуролланган бузғунчи тудалар разведка гуруҳлари орқали аниқланди. Ўша маълумотлар асосида қайси тактикани қўллаш, қандай қуролдан фойдаланиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилди ва душман яксон қилинди.

719a7e03-a9a8-4fa6-e6e9-b50ffc150fda.jpg
Давлатимиз раҳбарига учувчилар – полковник Абдулла Йўлдошев ва подполковник Бахтиёр Отажоновлар ўз бошқарувидаги МИГ-29 қирувчи самолётида юртимиз ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини намойиш қилди.

Бу каби дала-ўқув машғулотлари ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлигини оширишда, уларнинг замонавий ҳарбий техникалардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

aef07e9b-b6df-edaf-11d8-838a602e9973.jpg
c1abab78-8409-2b7c-220d-e223079e5a07.jpg
e254ff5b-cb17-ebc6-20aa-0ecc142998f6.jpg
eda6fbc4-343a-a3f7-f791-0dd0f066577b.jpg
f5703c77-a282-f5b2-b65c-0d7d7e80ac32.jpg
f4a48474-4214-0aa4-d46a-8dfdb9f28713.jpg

 

Абу Бакр Ўрозов, Умар Асроров, ЎзА

  04.04.2018, 13:53  |    68 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!