Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний: Тошкент конференцияси афғон халқи орзуси ушалишида муҳим аҳамият касб этади

Янгиланиш, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик байрами – Наврўз айёми шукуҳи кезиб юрган шу кунларда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Афғонистоннинг биргаликдаги ташаббуси билан ташкил этилган тадбир аҳамияти халқаро экспертлар, хорижий мамлакатлар расмийлари томонидан юқори баҳоланмоқда. 

Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг махсус вакили Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний Тошкент халқаро конференцияси ҳақидаги фикрини ЎзА мухбирига гапириб берди.

– Афғон халқи узоқ йиллардан буён интиқ кутиб яшаётган, тинчликпарвар сиёсат тарафдори бўлган давлатларни ташвишга солиб келаётган Афғонистон муаммосини ҳал этиш ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтамиз, – деди Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний. – Тошкентга келган давлатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари – барчамиз Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши тарафдоримиз.

Ўзбекистон Президенти конференциядаги нутқида Афғон муаммосининг асл сабабларини, уни ҳал этиш йўлларини дадил фикрлар билан очиб берди. Таъкидланганидек, хавфсизлик ягона ва бўлинмас. Ер юзининг қайси жойида бўлсин, нохуш ҳолатлар, уруш-жанжалларнинг олдини олмасак, мудҳиш хато қилган бўламиз. Ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда хавф-хатарларнинг олдини олишга эса барчамизда куч топилади.

Жаноб Президент тўғри айтди – Афғонистонда уруш давом этар экан, нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётига ҳам хавф кучайиб бораверади. Шу боис барчамиз Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал этишнинг умумий бир ечими тезроқ топишимиз ниҳоятда зарур.

Президент маърузасига халқаро ҳамжамият катта ишонч билдирмоқда ва унда илгари сурилган ғояларни амалга оширишда барча давлатларни жипслаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Тошкент конференцияси Афғон муаммосини ҳал этиш тарафдори бўлган, бунга қудрати етадиган давлатларни таклиф қилгани, уларни бирлаштиргани билан аҳамиятлидир.Ўйлаймизки, бу тинчлик ва ҳамжиҳатлик тадбири яқин келажакда афғон халқининг осойишталик ҳақидаги кўп йиллик орзулари ушалишида муҳим аҳамият касб этади.

 

ЎзА мухбири Улуғбек Асроров ёзиб олди