Президентимиз Дўстлик туманидаги Манас қишлоғига келди

“Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари терини қайта ишлаш, агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат кластери барпо этиш, туя сути билан даволайдиган клиника ташкил қилиш борасидаги таклифларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳолининг томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, фермер ва деҳқон хўжаликларига бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича консальтинг хизмати кўрсатиш, молиялаштириш базасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилиши чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётини яхшилашга, уларга муносиб турмуш тарзи яратишга қаратилган долзарб вазифа экани таъкидланди. Манас қишлоғи мамлакатимизда бошланган “Обод қишлоқ” дастурини татбиқ этишда намуна сифатида тарихда қолди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғида бугунги кунда 6,5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Кейинги йилларда инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маший хизмат кўрсатиш талабга жавоб бермаслиги натижасида одамлар анча қийналаётган эди.

Давлатимиз раҳбари эътибори билан “Обод қишлоқ” дастури асосида бу ерда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддатда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартарф этиш учун 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Икки қаватли 34 та уйнинг томи қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар курилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Сувоқова” давлат унитар корхонаси жамоаси томонидан 6,5 километрлик сув қувури ётқизилди. Сув тарқатиш иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 2 умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ушбу мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди. 17 болалар майдончаси, 2 мини футбол майдони, 250 ўринли стадион барпо этилди.

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бошлангандан буён қишлоқда 200 дан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, “Жиззахпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 100 ўринли, “Заминтекс” масъулияти чекланган жамиятининг 20 ўринли тикувчилик цехлари қурилиб, қишлоқ хотин-қизларидан 120 нафари ишга жойлаштирилди.

30 иссиқхона, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг молларини боқиш учун 100 бошга мўлжалланган замонавий ферма қурилди. Шу ерда ветеринария пункти ишга туширилди. Аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш мақсадида замонавий кўринишдаги 31 савдо дўкони, новвойхона, ҳаммом барпо этилди. 500 ўринли “Манас” маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилди. Қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб, унинг ўрнида 500 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ташкил этилди.

Президентимиз мазкур поликлиникадаги шароитларни кўздан кечирди.

–Жойларда замонавий тиббиёт муассаларини барпо этаётганимиз яхши албатта. Эндиги талаб ушбу муассасаларни малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишдан иборат бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Шавкат Мирзиёев қишлоқда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ташаббуси билан барпо этилган новвойхонани бориб кўрди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган новвойхонада кунига 30 турдаги 2 минг дона қолипли нон тайёрланади. Мазкур новвойхона Наврўз байрами арафасида манасликларга туҳфа этилди.

Давлатимиз раҳбари қишлоқдаги “Айчурек” номидаги 125 ўринли мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлди. Жанубий Корея стандарти асосида ташкил этилган ва жиҳозланган муассасада болаларнинг илғор хорижий тажрибалар асосида дастлабки билим ва кўникмаларини шакллантириш учун барча қулайликлар яратилган.

816edc6e-f5fd-0210-12cc-23703b8ef370.jpg
ff17b7a7-0a82-1f97-b350-c400f83a2171.jpg

 

Матназар Элмуродов, Тошқул Бекназаров. ЎзА