Абдулазиз Комилов: Афғонистондаги мураккаб вазиятга ечим топиш бўйича оз бўлса-да умид бор

Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси бўйича якуний хулоса бўйича журналистлар билан ўртоқлашган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов Афғонистондаги мурккаб вазиятга ечим топиш бўйича оз бўлса-да умид борлигини маълум қилди.

Деярли қирқ йилдан бери тинмаётган афғон урушида аслида ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ. Яъни бу мақсадсиз урушга нуқта қўйилмас эмас афғон муаммоси барҳам топмайди.

Тошкент конференциясига кўплаб давлатлардан, халқаро ташкилотлардан вакиллар келиб, афғон муаммоси бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирибгина қолмай, Афғонистонда тинч ҳаёт тикланиши ва унинг барқарор ривожланиши учун барча зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини маълум қилди.

“Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида ўтказилган халқаро конференция доирасида Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси имзоланди.

Конференция афғон муаммоси бўйича тўғридан-тўғри мулоқот қилиш майдонини яратди ва бу борадаги давомли жараённи бошлаб берди.

Эндиликда афғон халқи ҳам ушбу мақсад йўлида бирлашиши зарур. Мамлакат ҳукумати ва мухолифат қаерда, қачон учрашиши, музокарага киришишини ўзи ҳал қилиши керак. Ушбу масалада ташқи кучлар уларга халақит бермаслиги зарур.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев конференцияда қилган маърузасида ҳам бу масалага тўхталиб, ”Ўзбекистон Қабул жараёни доирасидаги иккинчи мажлис иштирокчиларининг Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракатининг “олдидан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик” асосида тўғрида-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди”, деб алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон Афғонистон билан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиради. Маданий, таълим ва иқтисодий соҳаларда афғон халқига ёрдам беради. Афғон ёшларини ўқитиш бўйича махсус жамғарма тузилади. Умуман айтганда, асосий мақсадимиз Афғонистонда тинчлик таъминланишига, афғон халқи фаровонлигига эришишдир.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА