ЭКСКЛЮЗИВ ИНТЕРВЬЮ: Сергей Лавров: Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши тарафдоримиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этаётган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров конференция юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди. 

 
STU_6380.JPG

Ўзбекистон Президентининг минтақада барқарорликни таъминлашга доир ташаббуси Афғонистондаги вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилишда муҳим қадам бўлади. Бу ғояни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам қўллаб-қувватлади. Конференцияда Афғонистонга қўшни барча давлатлар вакиллари қатнашди. Чунки бу муаммони уларнинг иштирокисиз бартараф этиб бўлмайди. Айни пайтда конференцияда Европа ва форс кўрфази давлатлари вакиллари ҳам иштирок этгани диққатга сазавордир. Биз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг иқтисодиётини қайта тиклаш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси Афғонистон ҳукумати ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Буни бугун Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ҳам алоҳида таъкидлади. Конференция бу борада аниқ амалий қадамлар ташлаш имконини яратди.

Бу ташаббусни амалга ошириш учун конференция доирасини кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаёт хукм суриши, ушбу мамлакат террорчилик, наркотрафик ва бошқа хатарлардан ҳоли бўлиши барчамизнинг миллий манфаатларимизга жавоб беради.

 

ЎзА мухбири Абу Бакр Ўрозов ёзиб олди. Сарвар Ўрмонов (сурат)