22-25 март кунлари оралиғида Ҳиндистон давлатининг Туна шаҳрида эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ватандошимиз Амангул Алланазарова 57 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медаль соҳиби бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон бўйича халқаро даражадаги ҳакам аъзоси Нукусбой Данияров мазкур чемпионатда ҳакамлик вазифасини бажарди.

26-март куни бу иккита юртдошимизни Нукус аэропортида тантанали равишда кутиб олиш маросими ўтказилди.

Осиё чемпионатида жаҳоннинг 25 тадан ортиқ давлатлари иштирок этиб, Ўзбекистон терма жамоаси жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади. Шу тарзда спортчиларимиз мамлакатимизга 10 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медальларини олиб келди.

– Осиё ўйинлари дастурига киритилган миллий кураш тури бугунги куни жаҳон спорт майдонида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлмоқда,-дейди Амангул Алланазарова. Чемпионатда рақибларим хитойлик, ҳиндистонлик, вьетнамлик паҳлавонлар бўлишди. Омад менга кулиб боқиб, Осиё чемпиони бўлдим. Мамлакатимиз байроғи кўкларда хилпиради. Бундан чексиз мамнунман.

Амангул Алланазарова ва Нукусбой Данияров ҳозирги кунда пойтахтимиздаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари бўлиб, ёш авлодга кураш сирларини ўргатиб, устозлик қилиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, А.Алланазарова ўтган йилнинг 30 ноябридан 4 декабрь оралиғида Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида миллий кураш бўйича бўлиб ўтган XI жаҳон чемпионатининг 2-ўрин ғолиби бўлган эди.

Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов иштирок этди.

 

Қорақалпоғистон хабар агентлиги