Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказида Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Содиқ Имомий журналистлар билан учрашди.
Мулоқот аввалида элчи С.Имомий Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга яқинда амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлганига алоҳида эътибор қаратди. Бу ташриф икки мамлакатнинг ўзаро алоқаларида янги саҳифа очгани, халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган кўплаб масалаларга ечим топгани билан ана шундай хусусият касб этди.
Икки давлат рҳбарлари барча имкониятдан фойдаланган ҳолда, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг майдон яратишга интилгани туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларида ўтиш пунктлари очилгани азалдан яқин қўшни, қардош бўлиб келган икки халқ ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Узоқ вақт бир-бирини кўрмаган яқин қариндошлар, дўсту биродарларнинг ўзаро дийдорлашуви катта хурсандликка сабаб бўлди.
Мулоқот давомида элчи сув-энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масаласига тўхталиб ўтди. Қад ростлаётган Роғун ГЭСи нафақат Тожикистон, балки минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга ҳам электр энергияси етказиб беришга хизмат қилади.
Суҳбат асносида элчи Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси бўйича ўз фикрини билдириб ўтди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон сиёсатининг беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари белгилаб берилган ушбу ҳужжатда Марказиё Осиё минтақаси билан боғлиқ масалалар ечимига ҳам эътибор қаратилган.
Элчи Афғонистон масаласига тўхталиб ўтди. Бу мамлакатдаги вазият нафақат афғон халқи, балки қўшни давлатлар халқлари учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан 26-27 март кунлари ўтказиладиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ташкил этилаётгани эътиборга лойиқ.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА мухбири