Ўзбекистонлик тадбиркорлар Афғонистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олишга кўмаклашмоқда

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Афғонистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олишга кўмаклашмоқда

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик ва яқин қўшничилик, азалий дўстлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда.
Буни мамлакатимизнинг жанубдаги ҳудуди – Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2017 йили Термиз туманида афғонистонлик тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатадиган “Termiz kargo” экспорт маркази ташкил этилиб, зарур қулайлик яратилди. Консуллик вакили, божхона терминали биноси, омборлар бунёд этилди. Мазкур марказ мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва ишбилармонлари билан афғонистонлик тадбиркорлар, сармоядорлар доирасининг ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйишда муҳим омил бўлди. 2018 йил январь ойида Термиз туманида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолият бошлади.
Президентимизнинг бевосита ғояси асосида барпо этилган дунёда муқобили йўқ замонавий таълим муассасаси Афғонистон томони эҳтиёжлари асосида иқтисодий-ижтимоий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалар учун етук малакали олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозир барча шароитларга эга мазкур марказда юзга яқин афғон ўғил-қизлари таълим олмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларининг ҳар томонлама ривожланиб бораётганини Термиз шаҳрига келаётган афғонистонлик меҳмонлар ҳам фахр-ифтихор билан эътироф этмоқда.
– Ўзбек ва афғон халқи қадимдан битта дарёнинг икки қирғоғида яшаган яқин қўшнилардир, – дейди Афғонистон Республикасининг Шибирғон шаҳридан келган Қодирий Абдураззоқ. – Жиянимнинг бироз тоби қочган экан, ўйлаб ҳам ўтирмай, шундоқ Амударёдан ўтиб, шаҳрингиздаги касалхонага олиб келавердик. Тез кунда соғлиғи тикланди. Шифокорлар жавоб берамиз, деб туришибди. Термиз шаҳрида ҳам замонавий тиббиёт юксак даражада ривожланганини кўриб, жуда мамнун бўлдик. Юртингиздаги тинчлик, ободлик ва сўнгги йилларда юз бераётган янгиланишларга ҳавас қиламиз. Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистонга ўтиш учун чегарада ортиқча расмиятчиликларга дуч келганмиз. Бу сафар ана шу муаммоларга чек қўйилганидан ҳам қувондик. Биз, Ўзбекистоннинг афғон юртидаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинчликни таъминлаш, барқарорликни тиклаш ва иқтисодиётни ривожлантириш тарафдори бўлиб келаётганини жуда қадрлаймиз. Иқтисодий, савдо, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларимиз мустаҳкамланиб бораётганидан фахрланамиз.
Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, афғон халқининг ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал қилишига эришиш масаласини халқаро миқёсда кўтаргани Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатдаги вазиятга бефарқ эмаслигига ёрқин мисолдир.
Қўшни давлатда барқарорликни тиклаш, иқтисодиётини юксалтириш тарафдори бўлиб келаётган мамлакатимиз Афғонистондаги тоғ-кон саноати, қурилиш, энергетика, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни рўёбга чиқаришда қатнашаётир. Ўзбекистон ёрдами билан яқин биродарларимиз учун юқори вольтли электр энергияси ва оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи, кўприклар, темир йўл бунёд этилган. Нефть маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар, полиэтилен қоп, озиқ-овқат, қадоқлаш халталари ва бошқа халқ истеъмоли моллари экспорт қилинмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, 2018 йилдан бошлаб “East West Surxon” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона, “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти, “Surxon Eksport Savdo”, “Surxon Import Eksport Agro” агрофирмалари, “Surxon Golden Trade” масъулияти чекланган жамияти каби бир қатор хўжалик юритувчи субъектлар Афғонистон Республикасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олишга кўмаклашаётир. Улар қўшни давлатдаги буюртмачиларига ун, мева-узум, сабзавот, майиз, қатиқ, дуккакли ва бошқа табиий, арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда. “Xomkon-Sherobod Taraqiyot” фермер хўжалиги, “Jarqo’rg’on parranda”, “Angor Surxon Gururi” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан сассиқ коврак, парранда тухуми ва ер ёнғоқ каби маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилгани сурхондарёлик тадбиркорлар билан афғон ишбилармонларининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.
– Биз, ён қўшнимиз афғон халқининг ҳам тинч, тўкин турмуш кечиришини истаймиз, – дейди Жарқўрғон туманидаги “Jarqo’rg’on parranda” масъулияти чекланган жамияти директори Абдуқаҳҳор Қулматов. – Ўтган йили барпо этилган замонавий паррандачилик фабрикамизда 400 мингдан ортиқ товуқ парваришланмоқда. Йил охиригача товуқлар сонини 1 миллионга етказишни режалаштирганмиз. Етиштирилаётган парранда тухумининг бир қисмини қўшни давлатдаги ҳамкорларимизга етказиб бериш учун шартнома туздик. Жорий йилнинг ўтган даврида Афғонистон Республикасига 400 минг доллардан ортиқ қийматдаги табиий, арзон маҳсулот экспорт қилдик.
Бу ишларнинг барчаси икки қўшни давлатнинг самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири

  16.03.2018, 10:09  |    85 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!