Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал қилишда ўзининг принципиал позициясига эга

ХАЛҚАРО ШАРҲ

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Афғонистон билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини ўтказиш ташаббусининг илгари сурилиши Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий стратегиясининг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани сўзга чиқадилар.

rasmiy_9196.jpg

Ўтган асрнинг 70 йилларида афғонистонлик ёзувчи Соҳиб Жамолнинг «Гули сиёҳ» деб номланган романини ўқиган эдим. Асарда кўзи ожиз Амал исмли қизнинг Нодир исмли йигит билан бўлган муҳаббати ҳақида ҳикоя қилинади. Эсимда қолгани шуки, Амалнинг кўзини ўзбекистонлик шифокор аёл операция қилади. Чунки 70-йилларда ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистонда хизмат сафарида бўлишар, қўшни ва дўст мамлакатнинг иқтисодиётини кўтариш, ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга сидқидилдан ёрдам беришар эди.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга бўлиб, миллий урф-одатларимиз ҳамда анъаналаримиз ўхшаш. Афғон ва ўзбек халқларини бир неча минг йиллик тарих боғлаб туради. Минтақада ташкил топган Парфия, Бақтрия, Кушон, Эфталитлар каби буюк давлатлар ҳар икки халққа бирдек таалуқлидир. Халқларимиз биргаликда буюк маданият яратишган. Х асрда буюк аждодларимиз тузган Ғазнавийлар давлатининг гуллаб яшнашига минтақадаги бошқа халқлар каби ўзбеклар ҳам, афғонлар ҳам катта ҳисса қўшишган. Буюк Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ айнан Афғонистон ҳудудларида ҳукмронлик қилган. Евросиё марказидаги стратегик ҳолати сабаб Афғонистон ҳамиша буюк давлатларнинг кураш майдони бўлиб келган. Бу жиҳат 18 асрдан бошлаб яққол кўзга ташлана бошланди. Афғонистон устидан назорат ўрнатиш мақсадида Буюк Британия уч марта уруш олиб борган. 1919 йилнинг 19 августида Афғонистон Буюк Британиядан озод бўлди. 1973 йил 17 июль куни Афғонистонда давлат тўнтариши юз бериб, монархияга барҳам берилди ва республика дея эълон қилинди. Мана шу даврдан бошлаб Афғонистон тарихида сиёсий беқарорликлар бошланди. Президент Муҳаммад Довуд ислоҳотлар ўтказиш орқали мамлакатни модернизация қилишга уринди, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмади. Бундан роппа роса 40 йил муқаддам — 1978 йилнинг апрель ойида Афғонистонда инқилоб бошланди. Президент Муҳаммад Довуд оила аъзолари билан қатл этилади, ҳокимиятга Афғонистон Халқ демократик партияси келади.

1978 йилнинг апрелида юз берган Савр инқилобидан сўнг Афғонистон Демократик республикаси эълон қилиниб, унинг раҳбари этиб Нур Муҳаммад Тараки, Инқилобий Кенгаш раиси этиб эса Ҳафизулла Амин сайланади. Ҳукумат радикал ислоҳотлар ўтказа бошлайди, бу ўз навбатида, аньанавий турмуш тарзини кечиришга одатланган жамиятда норозиликлар тўлқинини келтириб чиқаради. Шу тариқа мамлакатда фуқоролар уруши бошланиб кетади. Ҳукмрон Халқ Демократик партияси 1967 йилдаёқ иккита — Халқ ва Парчам фракцияларига бўлинган эди. Халқ фракциясининг раҳбари Нур Муҳаммад Тараки махфий тарзда ўз тарафдорлари томонидан ўлдирилади. Давлат раҳбарлигига Ҳафизулла Амин келади. У Москва томонидан исталган вақтда Ғарб томон оғиб кетувчи раҳбар сифатида кўрилар эди, шу сабабли ундан воз кечишга қарор қилинди. Шу тариқа Афғонистонга “шўровий”лар ҳарбийлари киритилди. Натижада “шўровий”лар фуқоролар урушига бевосита аралашди, тўғри кейинчалик (1989 йилда) чиқиб кетган бўлишига қарамай, Афғонистонда мана 40 йил бўлаяптики, фуқоролар уруши давом этмоқда. “Шўровий”ларга қарши курашаётган афғон мужоҳидларини ғарб мамлакатлари ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. 1989 йилдан кейин ҳам фуқоролар уруши тўхтамади, балки кучга тўлди. Мамлакат шимолида дала қўмондонларидан ташкил топган гуруҳ пайдо бўлди. Шимолий альянс 1992 йилнинг апрелида пойтахт Қобулга кирди ва Афғонистон Демократик Республикаси тугатилди. Пойтахтда Аҳмад Шоҳ Маъсуд ва Гулбиддин Ҳикматёр ўртасида ҳокимият учун кураш кетар экан, мамлакат жанубида асосан пуштунлардан иборат, аммо ўзларини бутун афғон халқини ҳимоячиси дея эълон қилган “Толибон” ҳаракати кучга тўла бошлади. Уларнинг мақсади Афғонистонда Ислом давлатини қуриш эди. 1996 йилда Толиблар мамлакатнинг катта қисмини ўз назоратларига олишга муваффақ бўлишди. Улар сентябрда Қобулни эгаллашди, президент Муҳаммад Нажибуллани қатл этишди, Шимолий альянс эса шимолий вилоятларга чекинишга мажбур бўлди. Толиблар ҳукмонлиги даврида Афғонистоннинг қадимий ёдгорликлари йўқ қилинди, хотин-қизларнинг таълим олишлари тақиқланди.

2001 йилнинг 11 сентябрь ҳодисаларидан сўнг халқаро террорчи Усама бен Ладенга Афғонистон толиблари бошпана берди. Бу ўз навбатида, АҚШнинг Афғонистонга қўшин киритишига баҳона бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ 2002 йил бошларида толиблар режими қулади, бироқ “Толибон” ҳаракати бутунлай йўқ қилинмади. Ҳаракатнинг асосий кучлари Вазиристон тоғларига чиқиб кетишди, қолган қисми эса Афғонистон ва Покистон ҳудудларида партизанлик урушини давом эттирди.

Толиблар режими қулагандан сўнг замонавий Афғонистон Ислом Республикаси тузилди. 2001 йил декабрида Бонн конференциясида афғон сиёсий намояндалари томонидан Ҳамид Карзай Афғонистон Ўтиш маъмурияти раҳбари этиб сайланди. 2002 йилнинг июнида Лойя-жирға (мамлакатдаги барча гуруҳ, элат, қабила вакиллари кирган Олий Кенгаш) уни Афғонистонинг Муваққат президенти этиб сайлади. 2004 йилда янги Конституция қабул қилинди ва илк бор президентлик сайловлари бўлиб ўтди, сайловда Ҳамид Карзай ғалаба қозонди. 2009 йил 20 августда бўлиб ўтган навбатдаги сайловида Ҳамид Карзай иккинчи муддатга президент этиб сайланди. 2014 йилги сайловда Ашраф Ғани Афғонистон президенти лавозимини қўлга киритди. Шунга қарамай, мамлакатда ҳамон фуқоролар уруши давом этмоқда.

Афғонистон президенти «Толибон» радикал ҳаракати билан тинчлик музокаралари тарафдори, шунингдек, уни сиёсий гуруҳ сифатида тан олишга тайёр. Мамлакат президенти Ашраф Ғани 28 февраль куни Кобулда «Кобул жараёни» иккинчи халқаро конференциясининг очилишида мазкур баёнот билан чиқиш қилди.

Хабарларга қараганда, афғон толиблари Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг “Толибон”ни сиёсий ташкилот дея тан олиш ва тинчлик борасидаги таклифини совуқонлик билан кутиб олишди. Маълумки, 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари тинчликни қўллаб-қувватилашга қаратилган мазкур режани қўллаб-қувватлашларини билдиришган эди. Президент Ғани қамоқдаги толибларни озод қилиш, санкцияларни бекор қилиш ва “Толибон”ни сиёсий ташкилот сифатида тан олиш кераклиги борасида таклиф билан чиқди. Бир кунлик конференция якунида унинг иштирокчилари қўшма баёнот қабул қилдилар ва толибларни “зўравонликларга тезлик билан чек қўйиб”, Афғонистон бошчилигидаги тинчлик саъй-ҳаракатларига қўшилишга, ўз мақсадларига етишиш йўлида Қобул хукумати билан музокоралар ўтказишга чақиришди. «Тинчлик шартномаси барча иштирокчилар учун ғалаба бўлади ва бирор бир томонинг мағлубиятини англатмайди», дейилади баёнотда. БМТнинг Афғонистондаги Миссияси Ғанининг таклифини қўллаб-қувватлади ва “афғонлараро мулоқот орқали тинчликка эришиш ғоясини қўллаб-қувватлаши” борасида баёнот берди.

Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал қилишда ўзининг мақсад ва принципиал позициясига содиқ қолмоқда. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмак беришда тинчликсевар лойиҳаларни амалга ошириш, қўшни давлатнинг узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган иқтисодиётини тиклашда иштирок этиш орқали ўз қатъиятини намойиш қилиб келаяпти. Ўзбекистон Президенти минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини инобатга олиб, энг юқори мартабали минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини афғон можаросини ҳал қилиш заруратига қаратаётир. Хусусан, Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳамда 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим. Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак”.

Ўтган йили икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ашраф Ғани Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитлари, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида 5 марта учрашди. 2017 йилнинг 4 — 6 декабрь кунлари Афғонистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди, ташриф давомида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларга оид 20 ҳужжат имзоланди. 2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 39,6 фоиз ошиб, 599 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

19 январь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Марказий Осиё ва Афғонистон масалаларига бағишланган муҳокамаларида Ўзбекистон томони жорий йил март ойининг охирида Тошкентда “Афғонистон — тинч келажак сари йўл” мавзуида халқаро вазирлар конференцияси ўтказилишини маълум қилди. Халқаро анжуман Афғонистондаги тинчлик музокараларининг асосий тамойилларини мувофиқлаштириш, Афғонистон ҳукумати ҳамда қуролли мухолифат ўртасида музокаралар олиб бориш механизмини ишлаб чиқиш, музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлаш учун халқаро қўшма тадбирларни мувофиқлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тошкент конференциясининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Тадамичи Ямамото, Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи ишлар идоралари раҳбарлари қатнашиши кутилмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Афғонистонда вазиятни бартараф этишга бағишланган учрашуви иштирокчиларининг сўзларига кўра, сўнгги 20 йиллик тажрибага таянилса, Афғонистон Ислом Республикасидаги мавжуд муаммоларни куч билан ҳал қилишга уринишлар самарасизлигини кўрсатган. Афғонистондаги тинчлик ҳамда хавфсизликнинг асосий масалалари, шунингдек, марказий ҳукумат ва қуролли мухолифат кучлари ўртасида бевосита мулоқот орқали ўзаро келишувга эришиш бўйича кенг миқёсли халқаро консенсусга эришиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ заруратдир. Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган конференция борасидаги ташаббус Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш жараёнига жалб қилинган кўплаб давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Америка Қўшма Штатлари Президентидан жорий йил 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияга оид мактуб келди. АҚШ Президенти Ўзбекистон Президентининг Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференция таърифи баён этилган мактубини олганидан мамнун бўлганини қайд этди. Мактубда АҚШнинг Жанубий Осиёдаги стратегияси минтақа мамлакатларини Афғонистондаги низони тартибга солиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун бирдек масъулият ҳис қилишга ундаши таъкидланган. Дональд Трамп Ўзбекистон Президентининг минтақавий ёндашувга доир ташаббусини қўллаб-қувватлаши, бу эса ўз навбатида, вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун шароит яратиши, иқтисодиёт, жумладан, Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантиришини қайд этди.

Бугун Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши Евросиё минтақасининг барча мамлакатига катта наф келтириши ҳеч кимга сир эмас. Шу ўринда 1999 йил 19-20 июлида низолашаётган томонлар вакиллари, хусусан, “Толибон” ҳамда Афғонистоннинг қўшни мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, Россия ва Америка Қўшма Штатлари иштирокида Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан “6+2” мулоқот гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтганлигини эслатиб ўтамиз. Музокаралар якунида Афғонистондаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан Тошкент декларацияси қабул қилинди. Афсуски, 2011 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган террористик ҳаракатдан сўнг НАТО ҳарбий кучлари Афғонистонга киритилиб, Ҳамид Карзай бошчилигидаги янги ҳукумат ташкил этилгач, “6+2” гуруҳи фаолияти тўхтаб қолган эди. Афғон муаммосини ҳарбий куч билан ҳал қилиш йўли йўқлигига урушда қатнашаётган томонлар тобора кўпроқ иқрор бўлишмоқда. Минтақадаги урушни тезроқ тугатиш, Афғонистонда тинчилик ўрнатиш бугун бутун дунё бонг урмоқда. Вазият шу даражага етдики, бир пайтлар бу можарони сиёсий йўл билан ҳал этишга мутлақо қарши чиққанлар ҳам энди фикрини ўзгартирмоқда.

Марказий Осиёнинг дардли, оғриқли нуқтаси бу — Афғонистондир. Афғонистон наинки минтақамиз, балки дунёнинг энг ташвишли, чигал ва қарама-қаршиликка тўла муаммосидир.

Айни дамда бу ерда Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш халқаро кучлари (ISAF) фаолият юритади. Давлат бюджети 3,3 миллиард долларни ташкил қиладиган Афғонистон жуда ҳам қашшоқ бўлиб, ташқи ёрдамга муҳтож. АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистонга кирганидан сўнг гиёҳванд моддалар етиштириш бир неча баробар ошиб кетди. БМТ маълумотларига кўра, Афғонистонда жаҳон бозорига етказиладиган опиумнинг 90 фоизи етиштирилади.

Афғонистон кўп миллатли давлат бўлиб, 34,1 млн аҳолига эга. Саводхонлик эркаклар орасида 43%ни, аёллар орасида эса 12 %ни ташкил қилади. The AsiaFoundation[en] томонидан 2012 йилда ўтказилган социологик тадқиқотларга кўра, пуштунлар 40%, тожиклар — 33 %, хазарийлар — 11 %, ўзбеклар — 9 %ни ташкил қилади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 13 октябрда ўрнатилган. Икки томонлама ҳамкорлик 2016 йилга келиб, изчил ривожлана бошлади. 2017 йил январда Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди.

Ўзбекистон ён қўшнимиз бўлмиш афғон диёрида ҳамиша тинчлик ва осойишталик ҳукм суришини истаб келган, бу ўлка халқига доимо ёрдам қўлини чўзган. Ўзбекистонлик қурувчи ва мутахассислар томонидан “Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўли қурилиб, фойдаланишга топширилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Ўзбекистон мутахассислари томонидан «Мозори Шариф – Ҳирот» темир йўли ва «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линияси қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига хизмат қилади.

Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди. Афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида махсус таълим маркази ташкил этилган. Жорий йилнинг 21 январь куни 100 нафарга яқин афғонистонлик ёшлар Термиз халқаро аэропортида кутиб олинди. Улар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказида таҳсил олиш учун ташриф буюришди. Афғонистонлик ёшлар мазкур марказда икки йил давомида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида педагогик таҳсил олишади. Шундан сўнг ўз юртларига қайтиб, соҳалари бўйича афғон ўқувчиларига дарс беришади. Марказда дастлабки босқичда ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналишида 97 нафар талаба, шу жумладан, 86 нафар ўғил бола ва 11 нафар қиз болани ўқитиш назарда тутилган.

Ўтган йили декабрида Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғани иштирокида бўлиб ўтган музокораларда Афғонистон Президенти ўзбек тилида лутф қилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев буни олқишлаб, бу халқларимиз тарихи, тили, маданияти яқинлигининг далолати эканини таъкидлади. Учрашувда умумий маданий-маънавий меросимиз рамзи бўлган Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларимиз қадамжоларини биргаликда қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича ҳам келишиб олинди. 2018 йил Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросини ўрганиш бўйича халқаро конференция, Тошкентда олима аёлларга бағишланган халқаро симпозиум ўтказилиши маълум қилинди.
Ўзбекистон Афғонистон учун зарур мутахассисларни мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқитишга тайёрлигини билдирди.

yrk_2086.jpg

Тадбирда самимий дўстлик муносабатларининг ифодаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 25 дона «Isuzu» русумли автобус ва “New Holland” маркали 3 та трактор Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан биродар Афғонистонга ҳадя этилгани эълон қилинди. Шу йилнинг 10 январь куни Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника Афғонистон халқига ҳадя қилинишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари, Афғонистон Президенти маъмурияти ва ҳукумати, ушбу мамлакат жамоатчилиги ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

yrk_2139.jpg

Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва азалий дўстлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодий, транспорт, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов,
халқаро шарҳловчи