Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан учрашди

Остона, 15 март. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр Ўрозов хабар қилади.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 15 март куни амалий ташриф билан Остона шаҳрига келди.

Оқўрда қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевни Президент Нурсултон Назарбоев кутиб олди.

Икки давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшнилик ва ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

– Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жадал равнақ топаяпти. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларига етгани муносабатларнинг қандай юксак суръатда ривожланаётганини кўрсатади. Мазкур кўрсаткични 5 миллиард АҚШ долларига етказиш йўлидаги ҳаракатларимиз ҳам яқин вақтларда ўз самарасини беради, – деди Ўзбекистон Президенти.

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

– Сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатларининг барча соҳалардаги ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади. Ўтган икки йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида эришилган келишувлар тарихий аҳамият касб этади. Биз бир дарёдан сув ичадиган қўшнилармиз. Шундай экан, давлатларимиз ўртасида ҳал этилмаган масала бўлмаслиги керак, – деди Қозоғистон раҳбари. – Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистонда олиб бораётган оқилона сиёсатингиз бугун бутун минтақага ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги икки йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари фаоллашди. Икки давлат раҳбарлари шу давр ичида олти бора турли даражадаги ташрифларни амалга оширди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида учрашувлар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, турли воқеалар муносабати билан телефон орқали мулоқотлар ва мурожаатномалар алмашуви ташкил этилди.

2017 йилнинг март ойида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма декларация ҳамда турли даражадаги 212 та ҳужжат ўзаро алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий заминини сезиларли даражада мустаҳкамлади.

Бу ўзаро савдо ҳажми ва турининг изчил ортишида, энергетика ва машинасозлик тармоқларида муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланганида, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик кенгайганида кузатилмоқда.

Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётир. Транспорт қатнови соҳасида амалий ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайиб, минтақалар ўртасида шериклик мустаҳкамланмоқда, Ўзбекистон ва Қозоғистонда маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро алоқаларни изчил ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

 

ЎзА