АПЛ тарихида учта рекорд янгиланадими?

30-турга келиб 81 очко тўплашга улгурган Гвардиола шогирдлари бу мавсумда охиригача шу тезликни туширмасалар, пример лиганинг бир йўла учта рекордини янгилаб қўйишлари мумкин. Булар ғалабалар, киритилган тўплар ва очколарнинг сони бўйича АПЛ рекордларидир. Фақат “шаҳарликлар” бу марраларни забт этиш учун охирги 8 та ўйиндан яна 5 тасини ғолиб сифатида якунлашлари, рақиблари дарвозасини 19 бор ишғол этиб, 15 очко тўплашлари керак бўлади. 
Ҳозирча “Манчестер Сити” 30-турдан сўнг 81 очко тўплаган. Тўплар нисбати 85-20 бўлса, 26 баҳсда рақибларини майдондан бош эгиб чиқиб кетишга мажбур қилган. Клубнинг бугунги салоҳиятини инобатга олсак, бу унчалик қийин масала эмас. Чунки олдинда ҳали 8 та тур мавжуд.
Юқоридаги уч йўналиш бўйича АПЛ рекордларининг барчаси Лондоннинг “Челси” жамоасига тегишли. “Аристократлар” ғалабалар бўйича – 30 та (2016-2017), киритилган тўплар сони жиҳатидан: – 103 та (2009-2010) ва энг кўп очко тўплаш – 95 (2004-2005) борасида Англияда энг яхши бўлиб туришибди. Хосеп Гвардиола эса бу уч рекордни жамоаси билан бир мавсумнинг ўзидаёқ янгилаш имкониятига эга.
Эслатиб ўтамиз, қолган турларда “шаҳарликлар” пример лига доирасида “Эвертон”, “Мнчестер Юнайтед”, “Тоттенхэм”, “Суонси”, “Вес Хэм”, “Хаддерсфилд”, ва “Саутгемтон” жамоаларига қарши баҳс юритишади.

 

Ойбек Ҳайдаров, ЎзА.