Корея Республикасига ишга юборишга ёрдам бераман...

ХОРИЖДА ИШ ВАЪДА ҚИЛАЁТГАН ФИРИБГАР АЁЛ ФОШ ЭТИЛДИ

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Бирлик маҳалласида яшовчи 1988 йилда туғилган Б.Кенжаев ва Ў.Вафоевлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) анчадан буён хорижда ишлашни мақсад қилган эди.

Шу боис улар тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, қонуний йўл билан, меҳнат шартномаси асосида хориждаги фаолияти учун ҳужжатларни расмийлаштириш ўрнига фирибгар аёлнинг алдовига учди. Бу вазиятдан фойдаланган ҳудудда яшовчи 1977 йилда туғилган З.Шукурова уларга “Корея Республикасига ишга юборишга ёрдам бераман”, деб ваъда қилади. Жабрланувчиларнинг ҳар биридан 7 миллиондан жами 14 миллион сўм пулни олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Йигитлар шунча пул берганидан кейин ҳам иши битмагач, алданганини тушунади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилди. Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан З.Шукуровага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Айбланувчи қўлга олиниб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА