Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир, Қўнғирот ва Қонликўл туманларида чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш, чорвачилик маҳсулотларини етиштиришни кескин ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот телеграм канали хабар бермоқда.

 

Қарорга асосан Тахтакўпир ва Қонликўл туманларида чорвачилик тармоқларини ривожлантириш шунингдек, Тахтакўпир туманида чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилда 800 гектар пахта майдонларини қисқартирилиб, ўрнига қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун озуқа экинларини жойлаштирилади, келгуси йилларда босқичма — босқич пахта майдонларини қисқартириб борилади.

 

Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини 2018 йилдан бошлаб тўлиқ чорвачиликка ихтисослаштирилган туманларга айлантириш чоралари кўрилади.

 

Тахтакўпир, Қўнғирот ва Қонликўл туманларида амалга ошириладиган мазкур лойиҳаларда маҳаллий тадбиркорлар билан бир қаторда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан ҳам тадбиркорлар иштирок этишади.

 

Шунингдек қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига Тахтакўпир туманидаги яйловларда 2018-2019 йилларда 10 минг бош майда шохли молларни парваришлашга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ташкил этиш чораларини кўриш, Тошкент шаҳар ҳокимлигига Тахтакўпир туманида етиштирилган гўшт маҳсулотларини харид қилиб олиш, сақлаш ва тизимли равишда Тошкент шаҳри аҳолисига етказиб беришга ихтисослаштирилган, замонавий қушхона ва музлатгичга эга бўлган ташкилот ташкил этиш бўйича тегишли таклиф киритиш вазифаси юкланмоқда.