Наманганда йўқолган қиз Қорақалпоғистонда топилди

Наманган вилоятида истиқомат қилувчи Нозигул Исмаилова исмли қиз бедарак йўқолган эди. Тезкор тадбирлар натижасида қиз Қорақалпоғистонда топилди.

У Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати бошқармаси ходими Избасар Фазилов ва Миллий гвардия ходими, сержант Рустам Хидиров саъй-ҳаракати билан топилди. Жорий йилнинг 20 февраль куни қиз ота-онасига топширилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг синчковлиги натижасида ота-онасининг бағрига қайтарилган қизнинг онаси Дилноза Парпиевадан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига миннатдорчилик хати келди. Унинг мазмуни қуйидагича:

Учқўрғон тумани “Ёғду” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Нурабод кўчаси 44-уйда истиқомат қиламан. Қизим уйдан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати бошқармаси ходими И.Фазилов ва Миллий гвардия ходими, сержант Р.Хидиров хизмат вазифасини бажариш вақтида фарзандимни топиб бериб, хавф-хатарнинг олдини олди. Бунинг учун ушбу ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА