Ўзбекистонга Жанубий Африка Республикасининг фахрий консули тайинланади

6 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида Жанубий Африка Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси (қароргоҳи Анқара шаҳрида) Пуле Исаак Малефан билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда чоршанба куни вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида Жанубий Африка томони Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирилди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш ва инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро бизнес фаоллигини ошириш учун қулай муҳит яратилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташқи савдо вазири ўринбосари С.Саифназаровнинг таъкидлашича, географик масофага қарамасдан икки мамлакат турли соҳаларда ўзаро савдо-сотиқни кенгайтириш учун сезиларли салоҳиятга эга. Ўзбекистон ва Жанубий Африка ишбилармон доираларининг ташрифлари икки мамлакатнинг савдо ва сармоявий имкониятлари билан танишиш ва мавжуд захираларни ишга тушириш имконини беради.
Учрашув давомида ЖАР томонидан икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистонга ЖАРнинг фахрий консули тайинланишига фаол ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида маълумот берилди.
Дипломатик миссия раҳбари 2018 йилнинг биринчи ярмида ЖАР ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

 

ЎзА