Фарғонада Жанубий Корея билан ҳамкорликда янги лойиҳалар амалга оширилади

Мамлакатимизга ташриф буюрган Жанубий Кореянинг йирик компаниялари вакиллари, тадбиркорлари Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти, инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳамда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Фарғона вилоятида жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда йигирмага яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилда тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик натижасида ташқи савдо айланмаси 79 миллион долларни ташкил қилди. Дўстлик рамзи сифатида Қўқон шаҳрида корейс боғи ташкил этилмоқда.

8.JPG

Фарғонада корейс тили ва турли ҳунарлар ўргатиладиган мактаб очиш, тиббиётдаги ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш, вилоят марказида ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга оид таклифлар маъқулланди ва меморандумлар имзоланди.

Жанубий Кореянинг йирик компаниялари вакиллари, маҳаллий тадбиркорлари “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ерда лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.

2.JPG

– Маъмурий кенгаш томонидан ҳозирга қадар 43 лойиҳага ижобий хулосалар берилди, – дейди “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш шуъба бошлиғи Соҳибжон Маматов. – Инвестиция лойиҳаларимиздан 11 таси чет эл иштирокидаги корхоналардир. Жанубий Кореянинг “Evergreen Motors Group” компанияси каби йирик корхоналар томонидан “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига қизиқувчилар кўп бўлмоқда. Музокаралар олиб борилиб, кореялик ва фарғоналик тадбиркорлар ўртасида турли лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланади.

“Индорама Қўқон текстил” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси фаолияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

9.JPG

– Биз асосан пахтадан матрас кўрпачалар ишлаб чиқарамиз, – дейди Жанубий Кореянинг “YULDUZ INTERNATIONAL CO.LTD” компанияси директори Ли Бюнг Ёнг. – Фарғонада жинси шим, трикотаж кийимлар ишлаб чиқармоқчимиз. Бошланишига 150-200 тагача иш ўрни яратилади. Корхона жорий йилнинг иккинчи ярмида иш бошлайди, ҳозир қурилиш ишлари давом этмоқда. Бугун юртингиздаги ўзгаришлар бизни жуда мамнун этмоқда. Айниқса, Жанубий Корея фуқаролари учун ҳам кириш визаларининг бекор қилингани катта имконият бўлди.

Шунингдек, меҳмонлар Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган “UzSungwoo” қўшма корхонаси билан танишди.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА