Зайнабнинг автомашинаси иккита бўлди

Бирлашган Араб Амирликларида жорий йилнинг 22 февраль – 5 март кунлари спортнинг қиличбозлик тури бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида қорақалпоғистонлик спортчилар ҳам муносиб иштирок этди.

Дунёнинг 15 давлатидан спортчилар қатнашган мазкур мусобақада Нукус мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шерзод Мамутов ва 2-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Фозил Генжебаев иккинчи ўринни эгаллади. Нукус олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Зайнаб Дайибекова учинчи ўринни қўлга киритди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари орасида қорақалпоғистонлик 3 спортчи ва 1 мураббийга ҳам Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан “Spark” автомашиналари топширилди.

– Спортнинг қиличбозлик тури Қорақалпоғистонга яқинда кириб келганига қарамай ушбу спорт тури билан шуғулланувчи ёшларимиз орасидан иқтидорли спортчиларнинг етишиб чиқаётгани қувонарли ҳол. Мамлакатимизда спортга бўлган катта эътибор натижасида спортчи ёшларимиз юқори натижаларга эришмоқда, – дейди спортчиларнинг тренери Дауирбек Жиемуратов.

– Биз каби ёш спортчиларга қаратаётган эътибори учун муҳтарам Юртбошимиздан миннатдорман, – дейди Зайнаб Дайибекова. – Яқинда Президентимиз менга “Nexia” автомобилини совға қилган эди. Бу рағбатга жавобан кейинги мусобақаларда бундан ҳам юқори натижани қайд этаман.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг декабрь ойида Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ёш спортчиларни эришаётган юқори натижалари билан табриклаб, қиличбозлик бўйича халқаро турнирлар ғолиби Зайнаб Дайибековага “Nexia” автомобилини совға қилган эди. Шундай қилиб, Зайнабда энди “Nexia” ва “Spark” автомобиллари бор.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА

  06.03.2018, 16:17  |    114 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!