Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилади.
Кеча, 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Қўйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

– жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

– вазирликлар ва идоралар жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари ва инструкторлари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

– маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш;

– болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча ҳудудларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда болалар спорти объектлари тармоғини янада кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш;

– Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокни таъминлаш учун истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;

– мамлакатимизда профессионал, оммавий спортни, шу жумладан спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўришни рағбатлантириш;

– жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, объектлари ва иншоотларининг оммавий спорт, болалар спорти ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан максимал даражада ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари ҳамда инвентарларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашиш;

– жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш; 

– жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро спорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш, оммабоп спорт дастурларини ташкил этишга кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид оммавий адабиётлар чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш. 

 
Фармоннинг тўлиқ матни билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

 

ЎзА