Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 март куни Навоий вилоятида бўлди.

Навоий вилояти ўзининг меҳнаткаш халқи, ерости ва ерусти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимизда алоҳида ўринга эга. Вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати изчил ривожланган.

Бугун вилоятда йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 28 март куни вилоятга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнига доир ишлар билан танишган эди. Орадан ўтган бир йил давомида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди. Ижро жараёни давлат раҳбарининг шахсий назоратида. Президентимизнинг бу сафарги ташрифи ҳам ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлат раҳбари дастлаб Кармана туманидаги «Karmana golden eggs» масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Уни ташкил қилиш бўйича лойиҳа ўтган йил март ойида Президентга тақдим қилинган эди. Орадан ўтган вақт давомида биринчи босқичдаги ишлар бошланди. 90 кунда товуқ етиштиришга мўлжалланган паррандачилик комплексида эллик иш ўрни яратилди. Мажмуада жўжа уч ой давомида парваришланиб, тухум берадиган товуқ ҳолида сотувга чиқарилади.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳа ташаббускорлари билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашди. Маълум қилинганидек, 2019 йилда инкубация, тухум етиштириш комплексларини ишга тушириш мўлжалланган. Олинадиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади, яна 100 кишининг бандлиги таъминланади.

– Паррандачилик бўйича тизим яратилибди, – деди Президент. – Энди бу ерда тухум етиштириш ва уни экспортга чиқаришни йўлга қўйиш лозим.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида «Навоий» эркин иқтисодий зонасида истиқболдаги режалар тақдимоти бўлиб ўтди. Маълумки, 2010-2016 йилларда иқтисодий зонада 22 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 904 иш ўрни яратилган. Тақдим қилинган режага кўра, 2017-2019 йилларда 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 1659 та иш ўрни яратилади. Бунда электротехника, фармацевтика ва тиббий буюмлар, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари, кимё ва нефть кимёси маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Лойиҳаларда мармар ва гранит тошлар, композит тош маҳсулотлари ишлаб чиқариш режаси ҳам ўрин олган. Тош каръерларидан мармар қазиб олиш, қайта ишлаш, композит ва архитектура қурилмалари яратиш ишлари бажарилади.

Давлат раҳбарига тақдим қилинган яна бир режа бўйича 2018-2019 йилларда умумий қиймати 84,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган алюмин профиллар, аксессуар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 4 та лойиҳа амалга оширилади.

– Навоий вилоятида иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд, – деди Президент. – Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш учун ташаббускор тадбиркорларни топиш керак. Бунинг учун яқин вақтда вилоятда бизнес-форум ташкил қилиш лозим. Унга чет эллик инвесторларни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда Навоийга энг сара инвесторлар келади.

Вилоятда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси Зарафшон шаҳри ҳудудида амалга оширилади. 350 кишининг бандлиги таъминланадиган корхонада силлиқ лист ойна, шиша идишлар ишлаб чиқарилади.

Президентга замонавий иссиқхоналар ташкил қилиш, паррандачилик, балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Балиқчиликка оид режа давлат раҳбарига манзур бўлди. Унда Кармана туманидаги хонадонларда кичик сув ҳавзалари барпо этиб, интенсив усулда балиқ етиштириш мўлжалланган. Лойиҳага кўра, икки сотих ерда интенсив усулда балиқ етиштирилади. Давлат раҳбарига етиштириладиган балиқ турлари, озуқаси, даромадлар ҳақида маълумот берилди.

– Балиқ парҳез маҳсулот ҳисобланади, гўшт ўрнини босади. Шундай экан, бу тармоқни ривожлантиришга катта эътибор бериш зарур, – деди Президент. – Хонадонларда етиштирилган балиқ аҳолига фақат қўшимча даромад манбаи эмас. У соғлиқ учун ҳам фойдалидир.

Маълум қилинганидек, Навоий вилоятидаги «Тўдакўл» сув ҳавзасида очиладиган балиқчилик мажмуасига 1200 гектар ер ажратилади. Эронлик инвесторлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳа йилига 5000 тонна балиқ, 4000 тонна қайта ишланган балиқ маҳсулотлари (балиқ филеси, фарши, дудланган балиқ) тайёрлашни кўзда тутади.

Мамлакатимиз иқлим шароитига мос, тоғ ва тоғолди ҳудудларда етиштириладиган писта меваси хуштаъмлиги билан алоҳида ажралиб туради. Олимлар фикрича, писта дарахти минг йилгача ҳосил беради.

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи доирасида Нурота туманида 10 минг гектар лалми ерда ташкил этиладиган интенсив писта плантациялари лойиҳаси билан танишди. Давлатимиз раҳбарига унинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Қиймати 21 миллиард сўмлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 850 киши доимий иш билан таъминланади.

Маълумки, бизда мавжуд технологиялар асосида экилган писта 11-12 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин. Янги плантацияларни такомиллашган технология асосида барпо этиш кўзда тутилган. Яъни кўчатхонада ўстирилган ниҳолга иккинчи йил навдор писталардан олинган куртак пайванд қилинади. Учинчи йилдан уни очиқ майдонда экиш мумкин. Ушбу технологияда экилган писта 7-8 йилда ҳосилга киради. Унинг бир тупидан 1,5-2 килограмм писта олиш мумкин.

– Қишлоқ хўжалигига илмий ёндашмай қўйганимиз боис кўплаб экинлардан кутилган даражада ҳосил ололмаяпмиз, – деди Президент. –Бундан буён соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, экинни экишдан бошлаб уни йиғиб-териб олишгача олимлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш керак. Ҳосилдорлик қанча юқори, экспортбоп бўлса, деҳқон бойийди. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шу.

Писта плантациялари 2018-2021 йиллар давомида барпо этилади.

Давлатимиз раҳбарига Тошкент кимё технологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари ишлаб чиққан гидрогель моддаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу модда ўсимлик ўсиши ва ривожланишини жадаллаштиришга хизмат қилади. Гидрогель ёмғир сувини ва ўсимликка берилган ўғитни сақлайди. Сувни 50 фоизгача тежашга ёрдам беради.

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида чўл ўрмончилигини ривожлантириш илмий марказини ташкил этиш, Хатирчи туманида боғ ва замонавий иссиқхона барпо этиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, Навбаҳор туманида томчилатиб суғориш усулида бодом ва писта плантациялари очиш, қоракўлчилик, тивит жунли эчкиларни кўпайтириш, 2018-2019 йилларда вилоятда озиқ-овқат таъминотини равнақ топтириш ва қатор бошқа йўналишларга оид истиқболли лойиҳалар билан танишди. Уларни ўз вақтида сифатли бажариш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Давлат раҳбари Навоийга ташрифи давомида вилоятнинг энг олис ҳудудларидан бири – Томди туманида ҳам бўлди. Тумандаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактабида Навоий вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар билан танишди.

Президентга дастлаб Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Вилоятнинг ушбу чекка туманлари ва Зарафшон шаҳрида саноат, халқ истеъмоли моллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқларида амалга ошириладиган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади.

Хусусан, Учқудуқ тумани жунни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Шунингдек, “Учқудуқ текстиль” МЧЖ томонидан жорий йилда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 320 киши иш билан таъминланади.

“Қизилқум марвариди” корхонаси томонидан гидропоника усулида иссиқхона барпо этилади. Зарафшон шаҳрида йилига 4,5 минг тонна арматура, 10 миллион квадрат метр ойна, 250 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқариш, қарийб 2 минг бошга мўлжалланган қорамолчилик комплекси, сиғими 500 ва 200 тонна бўлган музлаткичли омборхоналар барпо этиш, 100 минг бошдан зиёд парранда боқиш, балиқчилик хўжалиги, иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.

Томди, Конимех туманларида ҳам шу каби истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Натижада икки йил ичида 4 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Маълумотларга кўра, Конимех туманида катта йўл бўйида ташкил этилган туячилик мажмуасига ўтган йили 61 давлатдан 3 минг сайёҳ келган. Бу ердаги шароитлар талабга жавоб бермас эди. Тармоқнинг самарадорлигини эътиборга олиб, бу ерда минг бош туя ва 500 бош наслли эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси барпо этиш режалаштириляпти. Умумий қиймати 15,7 миллиард сўм бўлган ушбу замонавий чорвачилик мажмуаси учун хориждан наслли эчкилар сотиб олинади. Бу ерда йилига минг тонна туя, 300 тонна эчки сути қайта ишланади. Бу жой нафақат туя ва эчкичилик мажмуаси, балки йилига 10 минг сайёҳни қабул қиладиган замонавий экотуризм марказига айланади.

Шу ўринда туя сутининг шифобахш хусусияти ҳақида тўхталиш жоиз. Унинг таркибида А, В1, В2, С ва D витаминлари сигир сутига қараганда 3 баробар кўп. Кальций, калий, магний, темир, мис, марганец, рух, фосфор каби микроэлементларга бой. Бундан ташқари, туя сутида эластин, ланолин, лактоферрин каби фойдали моддалар мавжуд. У қандли диабет, камқонлик, гепатит, нафас ва ошқозон-ичак йўллари, буйрак, юрак, асаб касалликларига даво бўлиб, иммун тизимини мустаҳкамлайди.

Бу ерга келган сайёҳлар ана шу шифобахш сутдан татиб кўриши, чўл бўйлаб туя ва квадроциклларда сайр қилиши мумкин бўлади. Давлат раҳбари мутасаддиларга мажмуани Мустақиллик байрамигача қуриб битказиш ва сайёҳларга зарур шароит яратиш юзасидан топшириқлар берди.

Томди туманидаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли 4 минг бош қўй боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ҳам шундай истиқболли лойиҳалардан бўлиб, вилоятда қоракўлчиликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Ижтимоий лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Хусусан, Томди туманида “Шодлик” меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун болалар шаҳарчаси қурилади. Майдони 4,3 гектар бўлган шаҳарчада болалар учун барча қулайлик яратилади. Қурилиш ишлари март ойида бошланиб, йил охиригача якунланади.

Зарафшон шаҳрида фавворалар хиёбони барпо этиш, Учқудуқ туманидаги “Кончи” санаторийсини таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари шаҳарлар ободлиги ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президент Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларидаги кўп қаватли уй-жой фондини таъмирлаш ишлари билан танишди.

– Олисда жойлашган бу шаҳарлар аҳолиси яхши яшашга ҳақли, – деди давлат раҳбари. – Ўтган йили 150 уй таъмирлаб берилган эди, 2018-2019 йилларда қолган 723 турар жойнинг томидан ертўласигача мукаммал таъмирдан чиқарилади.

Айни пайтда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар қазиб олишни кўпайтириш, “Ауминзо-Амантой” конини ўзлаштириш, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг 5-босқичи, Томди туманидаги 2-гидрометаллургия заводи қувватларини кенгайтириш каби лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.

Давлат раҳбари барча лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари ва Зарафшон шаҳри жамоатчилиги вакиллари, оқсоқоллар, ёшлар, тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Суҳбатда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган улкан имкониятлар, ён қўшниларимиз билан дўстона алоқалар фаоллашаётгани, одамларни иш билан таъминлаш, энг чекка Томди туманида сув манбаларини топиш ҳисобига аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар таълим-тарбияси каби масалалар ҳақида сўз юритилди.

Шу куни Хатирчи тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини юксалтириш, одамлар турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратишга эътиборни кучайтириш, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аёллар ўртасида жиноятчиликни камайтириш каби қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Президент одамларнинг муаммо ва таклифларини эшитиб, мутасаддиларга уларни қисқа фурсатларда бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунига етди. Сафар асносида алоҳида таъкидланганидек, истиқболли лойиҳалар, берилган топшириқлар ижроси давлат раҳбарининг доимий назоратида бўлади.

ЎзА