Женева шаҳрида давом этаётган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси доирасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистон Адлия вазири Р.Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан учрашди.

Prince_Zeid_Ra’ad_Zeid_Al-Hussein_20061212.jpgУчрашув давомида Ўзбекистоннинг БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Олий комиссар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилаётгани, одил судловни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, адолатни таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилаётганидан мамнунлигини билдирди.

Шу мақсадда халқ билан мулоқот йўлга қўйилгани, инсон манфаатларини таъминлаш борасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида изчил ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Тошкент ва Нью-Йорк шаҳарларида учрашганини, шунингдек, 2017 йил май ойида Ўзбекистонга сафари самарали ўтганини эсга олди.

Олий комиссар Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида давом этаётган демократик ўзгаришларни юқори баҳолади. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштиришга қаратилган ишлар эътиборга молик. Ўзбекистонда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликни ва диний бағрикенгликни сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга.

2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтиши, Ўзбекистон 2021-2023-йиллар мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлиш ташаббуси билан чиққанини қўллаб-қувватлашини билдирган Олий комиссар Ўзбекистон билан нафақат инсон ҳуқуқлари, балки бошқа соҳаларда ҳам фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. Келажакда у ўз оиласи билан Ўзбекистонга бориш истагида эканини ҳам маълум қилди.

 

ЎзА