Женевада БМТнинг Инсон хуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси иш бошлади.

2212121212.jpgБу йил Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 70 йил тўлади. Шу санани нишонлаш доирасида ташкил этилган сессияда инсон хуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинаётир. Тадбирда 180 дан зиёд мамлакатдан 3 мингдан ортиқ вакил иштирок этмоқда.

Йиғилишнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зайд Раъд ал-Ҳусайн ва БМТ Бош ассамблеяси 72-сессияси раиси Мирослав Лайчак бутун дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва бу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон адлия вазири Р.Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси ходимлари иштирок этмоқда.

Р.Давлетов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистонда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди. Хусусан, Президентнинг Халқ қабулхоналари фаолиятига доир ўзига хос тажрибага оид маълумот берди.

Жиноятчиликка қарши курашишнинг бутунлай янги, аввало, олдини олиш ва уни эрта аниқлашга йўналтирилган тизимини жорий этиш масаласи ҳақида ҳам сўз юритилди. Суд-ҳуқуқ соҳаси ва жиноятни фош этиш тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Судьялар олий кенгаши таъсис этилгани, янги иқтисодий ва маъмурий судлар тузилгани ҳақида маълумот берилиб, юртимизда илк бор жорий этилган афв этиш, жиноятларни фош қилишда зўравонлик қўлланишига йўл қўймаслик бўйича талабларга риоя этилишига доир натижалар тақдим этилди.

Сессияда илк бор Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланиш истаги билдирилди.

Ўзбекистон делегацияси тақдим этган маълумотлар, жумладан, жорий йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумига тайёргарлик жараёни сессия иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Норгул Абдураимова, ЎзА