1 апрелдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси пулларини тўлашнинг янги механизми ишга туширилади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларида кўзда тутилган бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнининг қулайлиги ва соддалиги юзасидан танқидий таҳлиллар олиб борилмоқда. 
Ушбу масалага бағишланган йиғилишда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа пулларининг ўз вақтида тўланиши ва тўлов жараёнининг соддалаштириш масаласи қаттиқ танқид қилинди.
Республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларининг туманлардаги бўлинмалари томонидан нафақаларнинг тўлаб берилиши бўйича анча йиллар аввал жорий этилган, лекин охиригача ўйланмасдан тузилган мураккаб жараён жиддий муҳокама қилинди.
Ушбу ташкилотлар нафақаларни тўлаб бериш учун тегишли ҳужжатларни вилоят бошқармалари орқали Тошкентга жўнатишлари зарур эди ва “маълум бир” таҳлиллардан сўнггина Молия вазирлигининг тегишли бошқармалари томонидан тасдиқлаб берилар эди. Натижада эса, бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бериш баъзан 2 ойгача кечиктирилар эди.
Йиғилиш якунига кўра, вазирлик раҳбарияти томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашда ахборот технологияларини ҳамда тўғридан-тўғри мулоқотсиз алоқа шаклларини жорий этиш, шунингдек талаб этилаётган ҳужжатлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва тўлов жараёнини соддалаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Натижада, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб харажатлар сметалари бўйича бўш турган (иқтисод қилинган) маблағлар ҳисобидан нафақаларни тўлайдиган бюджет ташкилотлари бюджет маблағларини бош тақсимловчилари ва молия органлари билан келишмаган ҳолда, “UzASBO” дастурий мажмуасига мустақил равишда ўзгартириш киритиш орқали ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаб бериш имкониятига эга бўлади.
Бунда нафақани бирйўла тўлаб бериш имкониятига эга бўлмаган (харажатлар сметаси бўйича иқтисод қилинган маблағлари мавжуд бўлмаган) бюджет ташкилотлари учун қўшимча маблағга талабнома бериш жараёни “UzASBO” дастурий мажмуаси орқали автоматлаштирилади ҳамда қоғозсиз ва тўғридан-тўғри мулоқотсиз шаклга ўтказилади.
Шунингдек, қўшимча ҳужжатларни (яшаш жойидан маълумотнома, никоҳ тузилганлик тўғрисида гувоҳнома, меҳнат дафтарчаси ва паспортнинг нусхаларини) тақдим этиш бўйича талаб бекор этилиб, ўрнатилган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида тўловлар амалга оширилади.
Электрон тарзда талабномаларни тақдим этиш жараёнини жорий этиш бюджет ташкилотларининг (қоғоз ва почта) харажатларини қисқартириш имконини беради ҳамда ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ўз вақтида тўлаб берилишини таъминлайди.
Молия вазирлиги ахборот хизматига маълумотларига кўра, мазкур механизм 2018 йил 1 апрелидан бошлаб тўлиқ ишга туширилади.

 

ЎзА