Электр энергияси ва табиий газ учун замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш тартиби қандай? Ҳисоблагич бепулми ва у ким томонидан сотиб олинади?

Бугун мана шу каби саволлар кўпчиликни қизиқтирмоқда. Албатта уларнинг аксарияти коммунал соҳадаги муаммолар, тушунмовчиликлар билан боғлиқ. Биз, ана шу саволларга жавоб излаш мақсадида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг эксплуатация ва техник масалалар бўйича директори Алишер Нуралиевга мурожаат қилдик.

– Вилоятда бугунги кунда электр энергияси бўйича 736 минг 763 нафар аҳоли ҳамда 37 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчи бор, – дейди А.Нуралиев. – Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муҳим вазифалардан биридир. Айни кунларда Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида 23 мингдан зиёд ана шундай замонавий ҳисоблагичларни ўрнатдик. Бу аҳолига тўловларни амалга оширишда қулайлик яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланиб, барча масалаларга ойдинлик киритилди. Маиший истеъмолчилардаги ЭҲНАТ (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими)га уланадиган электр энергиясини ҳисобга олишнинг замонавий электрон асбобларини, шу жумладан, мавжуд (шунингдек индукцион) асбобларни алмаштириш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш ва пломбалаш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Бу ишлар вилоятимизда энди бошланади. “Ўзбекэнерго” томонидан мазкур масала юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими кўплаб афзалликларга эга. Унинг татбиқ этилиши истеъмол қилинган энергия ҳақидаги маълумотни йиғишда инсон омилини камайтиради, истеъмол қилинаётган энергия даражаси ҳақида аниқ маълумот олиш имконини беради, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш тизимини яхшилайди.

Электр тармоқларига янгидан уланадиган уйлар ва хонадонларда маиший истеъмолчилар томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан биргаликда электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ўрнатиладиган жой ва уларни ўрнатиш учун зарур материаллар олдиндан аниқланади. Бунда ҳисобга олиш приборини монтаж қилиш учун материаллар истеъмолчи томонидан сотиб олинади.

Ҳисобга олиш прибори уй-жой ёки хонадон эгасининг буюртманомасига биноан бир ҳафта муддатда, унинг иштирокида ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили томонидан ўрнатилади. Ҳисобга олиш истеъмолчининг айби билан бузилган тақдирда (ток ва кучланишни ўлчаш трансформаторларининг ишдан чиқиши, шунингдек, иккиламчи коммутация, ҳисобга олиш асбобларининг шикастланиши ва уларнинг йўқолиши) ҳисобга олиш назорат қилиш асбобларини ва уларга тегишли асбоб-ускуналарни алмаштириш, таъмирлаш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва ўрнатиш истеъмолчи томонидан улар қиймати ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилади.

Албатта электр энергияси бўйича тўловларни вақтида амалга ошириш истеъмолчининг бурчи ҳисобланади. Замонавий тизимга уланган, шунингдек, электр энергияси учун олдиндан тўлов қурилмаси билан жиҳозланган электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларига эга маиший истеъмолчиларга электр энергияси электр таъминоти шартномаси асосида ва олдиндан тўланган тўлов доирасида етказиб берилади. Тўлов ҳужжатида хатолар ёки ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичида ноаниқликлар аниқланган тақдирда, истеъмолчи ҳудудий электр тармоқлари корхонасига дарҳол мурожаат қилиши керак.

Мажбурий ижро бюроси томонидан электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, ноқонуний уланиш ҳолатлари олдини олиш, замонавий ҳисоблагичларни мониторинг қилиш каби ишлар олиб борилади.

 

Маъсуджон Сулаймонов ЎзА