Қорақалпоғистонлик фуқаро Берунийдан Тошкентгача пиёда келмоқчи

1200 км.ни — Берунийдан Тошкентгача бўлган масофани пиёда босмоқчи бўлган юртдошимиз бор 

Беруний тумани фуқароси Равшан Яхшимуродов Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига бағишлаб Беруний туманидан Тошкент шаҳригача пиёда юриб бормоқчи эканини маълум қилди.

– Буюк инсоннинг хотираси учун 1200 км йўлни пиёда босиб ўтиш ғояси пайдо бўлганига анча бўлди, – дейди Р.Яхшимуродов. – Беруний қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида техник ходим бўлиб ишлайман. Биринчи Президентимизнинг барча асарларини ўқиб чиққанман. Агар ушбу ниятим амалга ошса, йўл-йўлакай кўрган-кечирганларимни китоб қилиб ёзиш ниятидаман. Мен Берунийдан Тошкент шаҳригача пиёда боришга тайёрман.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил сентябрь ойида наманганлик Ҳусан Ходжибоев Биринчи Президентимизнинг қабригача велосипедда бориб, зиёрат қилиб келганди. Ўшанда Ҳусан Ходжибоев велосипед билан Намангандан Самарқандгача 500 км. масофани босиб ўтганди.

Пиёда зиёрат қилиш борасида гап кетганда, қорақалпоғистонлик Наримбет Отамбетовни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. У Қорақалпоғистондан Маккагача ҳаж зиёратига пиёда бориб келган. Бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот бериб ўтамиз.

Сайтимизни кузатиб боринг…

 

Молдир Игиликова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири