Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштирш ва бизнесни юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари бўйича фармони лойиҳаси тайёрланди.
Ҳужжат лойиҳаси душанба куни Ўзбекистон Республикаси норматий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Лойиҳага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Янги Агентлик бошқа давлат органларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ штат бирликлари ва функцияларини ўтказиш орқали тузилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг хўжалик субъектлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини текшириш фаолиятини Агентликка ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилиниши юзасидан текширувлар ўтказиш, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг полиграфия фаолияти шуғулланаётган корхоналарда текширув ўтказиш функцияларини Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига бериш таклиф этилмоқда.
Фармон лойиҳасида янги таҳрирдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқиш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа тўлдирилиши, ўзгартирилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

ЎзА