Ӯзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 февральдаги  «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси»даги карорига муфовиқ барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот хизмати ташкил қилинади.

Қарорда кӯрсатилишича, ахборот хизмати давлат ва хўжалик бошқаруви органи ходимларининг умумий сони доирасида ташкил этилади ҳамда шу орган раҳбарига бевосита бўйсунадиган алоҳида мустақил бўлинма ҳисобланади.

Ахборот хизматининг асосий вазифалари қуйдагича белгиланди:

давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбарияти томонидан замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг фаолият соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида кенг жамоатчиликни холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш;

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш, ахборот хабарларини (матбуот учун ахборотлар, бюллетенлар ва шу кабиларни) тарқатиш, оммавий тадбирларни ташкил этиш;

ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг расмий веб-сайтида тезкор жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш, Интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш;

ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришнинг турлари, усуллари ва даражаси бўйича экспертлар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида материаллар тарқатиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатиш учун хабар, ахборот-маълумот тусидаги материаллар, шарҳлар ва ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (кино, фото, аудио ва видеоматериаллар, босма маҳсулотлар ва шу кабилар) билан таъминлаш;

идора фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрининг ҳолатини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбариятига ахборот бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолият соҳасига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш.

Таъкидлаш жоиз, ушбу қарор билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан биргаликда ҳар йили «Энг яхши ахборот хизмати», «Давлат бошқаруви органлари фаолиятини ёритаётган энг яхши журналист» ва бошқа номинациялар бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунларига бағишлаб танловлар ташкил этиш белгиланди.

 

Т. Мухиятдинова, Д.Айтбаева, Н.Нурбекова тайёрлади