Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

Унда она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрами экани, асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айлангани қайд этилган.

Наврўз байрамини юксак савияда нишонлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, 2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди. Ташкилий қўмита Наврўз байрамини Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган, «Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ўн кун муддатда ишлаб чиқиши ва амалга ошириши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳокимлар раҳбарлигида ҳудудий комиссиялар тузиш; байрам сайилларини барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда босқичма-босқич равишда юқори савияда, об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш юзасидан тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш; март апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ташкил этиш ҳамда бу борадаги ишлар энг яхши йўлга қўйилган туман, қишлоқ ва маҳаллалар тажрибасини оммалаштириш; Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш вазифалари юкланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Жаҳон» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилди.