Интернет сайтларида “…ишламайдиган фуқароларга пенсия ва нафақа тўловларини ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан жорий йилнинг  февраль ойи учун талаб қилинган маблағлар 2018 йил 12 февраль санасига қадар тўлиқ молиялаштирилди”,-деган хабар тарқалди. Хабарни ўқиб бундан бир ойча олдин ногиронлик нафақасини олишда муаммоларга учраётган фуқаро эсимга тушиб, у ҳам нафақасини олган бўлса керак, деб унга қўнғироқ қилдим, афсуски …

Гап шундаки, Беруний тумани “Олтинсой” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Бобомурод Қурбонбоев жорий йилнинг январь ойи  ногиронлик нафақасини олмагани ва шу масала юзасидан учраётган муаммоларини айтиб,  Халқ қабулхонасига мурожаат қилиш, ёки газетага бирор материал тайёрлаб, муаммосини ҳал қилишда ёрдам сўраганди.

Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасига мувофиқ, таҳририят ходими мурожаатлардан ёки бошқа манбалардан ўзига маълум бўлган ёхуд ўзи гувоҳ бўлган муайян воқеа, ҳолат юзасидан журналистик текширув ўтказиши, шунингдек, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра журналист ўз текширувларининг натижаларини, аниқлаган фактларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиши ёки мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин.

Мен иккинчи ҳолат яъни “ихтиёрий равишда тақдим этиш” йўли билан иложи борича муаммони  (Халқ қабулхонасида расмий мурожаат сифатида рўйхатга киритмай ва газетада ёритмасдан) ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида дастлаб, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Қорақалпоғистон бошқармасининг Пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими ходими билан учрашдим. Бўлимнинг масъул ходими (Темур) дарҳол компьютердан исм фамиляси бўйича излаб, “Қурбонбоев Бобомурод 1991 йил 5 сентябрда туғилган, болалигидан ногирон, яна ёлғиз бошли… нафақаси тўхтатилганининг сабаби вақтида тиббий кўрикдан ўтмаган бўлса керак. Сўнгги бор 2017 йил декабрь ойида олган экан…”, – деди.

Мен Бобомуроднинг айтганларига таяниб, 2017 йилнинг декабрь ойида нафақа тайинланган муддат тугашини билиб,  (олдин ҳам шундай вазият бўлгани учун эртароқ тиббий кўрик ҳаракатига тушган) сентябрь ойида шифохонада даволаниб чиққанини ва (декабр-январь ойларида) даволовчи врачлар,  тиббий-меҳнат эксперт комиссияси ўртасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда кўп сансалорликларга учраётганини айтиб, бу муамммони тезроқ бартараф қилиш бўйича амалий ёрдам беришини сўрадим. Шундан сўнг у туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (масалага тегишли) раисига телефон қилиб, мазкур масалани имкон қадар тезроқ ҳал қилишда амалий ёрдам беришини сўради ва мен билан бирга мазкур бинонинг биринчи қаватига тушиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси масъул ходимларидан ҳам бу ҳолатнинг тиббий кўрик билан боғлиқ томонини назоратга олишда ҳуқуқий маслаҳатларини беришини сўради.

Хуллас, Халқ қабулхонаси масъул ходими телефон рақамини берган Тиббиймеҳнат экспертиза хизмати ходими (Бахтиёр) ва Бобомуроднинг даволовчи шифокори (Дилшод) билан муаммони бартараф қилиш бўйича суҳбатлашганимда бу иш тезда (шифокор бир ойлик ўқишга кетиб қолгани, ҳозирда иш хонасига келганини ва энди ярим соатда) ҳал бўлишини айтди. Дарҳол Бобомуродга телефон қилиб, эртага даволовчи шифокорга бор, муаммонг ҳал бўлди. У қувониб кетганди. Мен ҳам муҳтож инсоннинг муаммоси ҳал бўлаётганидан хурсанд бўлган эдим…

Аммо, буни қарангки, қанча сансалорликка учраб, кейинчалик республика ташкилотлари масъул ходимлари телефон қилиб, назоратга олиш сўралганига қарамасдан болалигидан ногирон, ёлғиз бошли Бобомурод Қурбонбоев ҳалигача ногиронлик нафақасини ололмай сарсон экан…

Бу ҳақда Бобомуродга телефон қилгач билдим. Унинг нажоткорона айтаётган сўзларидан овози қалтирар ва хўрлиги келиб, бўғзига тиқиларди. Олдингига нисбатан (масъулларга ва бу сафар менга ҳам) ишончи сусайиб, тушкунликка тушаётгани сўзларидан аён эди…

Юқорида келтирилган ҳолатдан кўриниб турибдики, масъул шахсларга ихтиёрий равишда маълумот тақдим қилиш, муаммони ҳал қилиш бўйича илтимос қилиш билан иш битмас экан. Шу боис мазкур масала юзасидан дастлаб Тиббиймеҳнат экспертиза хизмати ходимларига учрашиб, Бобомуродга жорий йилнинг 7 февралидан ногиронлик (аввалгидек II гуруҳ) нафақаси тайинланганини билдим. Кечиктирилганининг сабабини сўрасам, тегишли ТМЭК лардан билишим мумкинлигини айтишди.

Туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссияси раиси Гулистон опа Болимова  – бу беморнинг ногиронлик нафақасини тайинлашдаги ҳужжатларни расмийлаштиришни тезлаштириш бўйича олдин ҳам тегишли мутасадди ходимлар қўнғироқ қилганини, шунга қарамасдан нимагадир (у раислигидаги комиссияга) ҳужжатлар етказилиши кечикканини, ўзи бу ишларни ўз вақтида бажарганини айтди…

 Мен бу масала юзасидан Пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлимига яна бориб, тегишли ходимдан Бобомуродга қайси ойлар учун нафақа тайинланиши ва қачон олиши мумкинлигини сўрадим.

– Унга 7 февралдан ногиронлик тайинланган, февралнинг 5 санасидан кечиккани учун эндиги ой яъни, март ойи нафақасига қўшиб берилади, – деди.

– Болаликдан ногиронлиги аниқ, ёлғиз яшовчи, ҳозирда ижтимоий ёрдамга муҳтож экан. Мана икки ойдирки қўни-қўшниларидан қарз олиб келибди. Энди, қўшнилари ҳам қарзини сўраётган экан. Унинг эса, қарзни қайтариш тугул, ҳатто кундалик озиқ-овқатга ҳам пули қолмагинини айтаяпти. Унга январь ойи учун нафақа берилмайдими, март ойини кутмасдан эртароқ иложи йўқми?!

– Энди, биз ҳужжат бўйича ишлаймиз, унинг ногиронлиги ҳақидаги ҳужжат… 7 февралда экан. Мусулмончилик нуқтаи назаридан сизнинг гапингиз тўғри, мен ҳам ёрдам бергим келмоқда… хафа бўлмайсиз, дейди Пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими ходими.

Бобомуроднинг даволовчи шифокори Дилшод Аметов эса – бир ой муддатга малака ошириш учун ўқишга кетганини, унинг тиббий картаси иш столида қолганини, ўзи бор пайтида ҳар доим унга бу борада ёрдам бериб келганини, бошқа шифокорлар ҳам хулоса ёзиб бериш мумкинлигини  (Бобомурод бошқа шифокорларга бир неча бор бу борада мурожаат қилган ва бошқа шифокорлар тиббий картаси ўша шифокордалигини важ қилиб,  ўзи келгандан кейин ёзиб беради, деган жавобни олган) айтди. Шунингдек, Дилшод ака ўзи олдин мазкур масала юзасидан комиссия раиси лавозимида ишлаганини, бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини жуда яхши билишини ва ҳозирги кунда ҳам тумандаги сектор вакилларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ҳа, бир қарашда ҳамма ёрдам беришга интилаётгандек, барча масъуллар ўз ишларини қонун талаблари даражасида бажараётгандек гўё.  Аммо, натижа йўқ. Қонунчиликка мувофиқ давлатимиз томонидан нафақа белгиланган, лекин ногирон ололмай сарсон…

Бугунги кунда барча сектор вакиллари халқнинг дарду ташвишларини ўрганиш мақсадида уймауй юриб, аҳолининг муаммоларини бартараф қилмоқда. Агар ушбу шифокор ҳам мана шундай сектор вакилларидан бири бўлса, нима учун ногирон, муҳтож инсоннинг қилган қонуний мурожаати ўз вақтида ҳал қилинмаган?! Ваҳоланки, Бобомурод ўз муаммосини уйида эмас, шифокорининг иш хонасига бориб бир неча бор мурожаат қилган. Бу иш даволовчи шифокор “ёрдам” дея атаган бўлсада, аслида мазкур шифокорнинг зиммасига юклатилган қонуний вазифасидир. Вақтида тузатилмаган хато навбатдаги хатоликларга йўл очавериб, пировард натижада ушбу мақола ёзишга ҳам сабаб бўлмоқда.

Масалан,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сон Қарори билан тасдиқланган Фуқароларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низомнинг 33-бандида: Ногиронлик навбатдаги қайта тиббий кўрикдан ўтказиш тайинланган навбатдаги ойнинг биринчи кунигача белгиланади. Даволовчи врачлар ва ДПМнинг даволаш-маслаҳат комиссиялари раислари ногиронлик гуруҳи қайта тиббий кўрикдан ўтказиш муддати кўрсатилган ҳолда белгиланган фуқароларни ТМЭКда тиббий текширишга юбориш учун ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўғри расмийлаштирилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар, деб белгиланган.

Энди иккинчи ҳолат, яъни Бобомуродга январь ойи учун нафақа тўлаш масаласини кўрсак:  Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 55-моддасига мувофиқ, “Агар ногирон узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда қайта кўрикдан ўтиш учун ТМЭКга бормаган бўлса, унга пенсия тўлаш тўхтатиб қўйилади, уни яна ногирон деб тан олинган тақдирда тўхтатиб қўйилган кундан, лекин кўпи билан ўтган бир ойдан бошлаб пенсия тўлаш давом эттирилади”.

Бу ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМнинг 173-бандида ҳам ифода қилинган. “Агар ногирон тайинланган муддатда қайта тиббий кўрикдан ўтиш учун ТМЭКга узрли сабабларсиз (ногиронлик муддати тугаган кундан бир ой муддат мобайнида) келмаса, унга пенсия тўлаш тўхтатиб турилади, у яна ногирон деб эътироф этилган тақдирда тўхтатиб турилган кундан бошлаб тикланади”, дейилади.

Юқоридаги Низомга кўра, узрли сабабга кўра қайта тиббий кўрикдан ўтиш муддати ўтказиб юборилган тақдирда пенсияни тўлаш тўлов тўхтатиб турилган кундан бошлаб қайта текшириш кунигача, бироқ, агар ТМЭК уни бу даврда ногирон деб эътироф этса 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга амалга оширилиши белгиланган.

Агарда Бобомуроднинг бу масалада (анча сансалорликларга учраб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда) ҳужжатларини расмийлаштира олмагани узрли сабаб ўрнига ўтмаган тақдирда ҳам айни вақтда тегишли комиссия хулосасига кўра (олдинги гуруҳ билан бир хил) II гуруҳ ногирони, -деб топилгани учун унга январь ойи учун нафақа найинланиши лозим.

Хуллас, юқорида баён қилинган ҳолатда аввало, тиббий кўрикни қайта ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда, ҳозиргисини тайинлашда ҳам амалдаги қонун талабларининг айрим бандларига риоя қилинмаган, назаримизда. Ёки, бу тизимда биз каби оддий фуқаролар тушиниб етмайдиган, тартиб-қоидалар асосида иш юритилади.  Оқибатда бир ногирон инсон  қонуний ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланишга сунъий тўсиқлар яратилмоқда.

Аслида юртимиз ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича дунё мамлакатлари орасида етакчи давлатлар қаторида туради. Лекин, айрим масъулларнинг ўз вазифасига лоқайдлиги туфайли ногиронлар давлат томонидан берилган имконият ва ёрдамлардан тўлиқ фойдалана олмаяпти. Буларнинг барчасини била туриб, оммавий ахборот воситаларида  (ўтган йилларда шаклланиб қолган ўз вазифаларига лоқайдлик қилган айрим масъуллар ҳаракатларини уларга бўлган “ҳурмат”, андиша туфайли) ёритмасам ўзим ҳам аввало, Давлат қонунлари билан кафолатланган касбим ва инсоний бурчим олдида айбдорлигимни ҳис қилдим. Шунинг учун газетамизнинг ўтган сонларида (расмий материаллар кўплиги сабаб)  жойлаштириш имкони бўлмагач мазкур сайтга беришни маъқул кўрдим.

Бу ҳолатларни ич-ичимдан ўйлаб, Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги  “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида келтирилган “…тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятидаги бюрократик тартиб-таомиллар бартараф этилмаган” деган танқидий фикрлари қанчалик тўғри баҳо эканлигига амин бўлдим. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Молия вазирлиги тизими қаттиқ танқид қилинганидан сўнг давлат идораси номига доғ тушираётган кўплаб ходимлар, хусусан,  биз сўз юритган мавзуга дахлдор Пенсия жамғармасидан 100 нафар ходим ўз лавозимидан озод этилган эди.

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев халқнинг ичига кириб, улар билан мулоқот қилишда, мавжуд муаммоларни бартараф қилишодамларни рози қилиш бўйича барча тизимдаги раҳбарларга ўрнак, намуна кўрсатмоқдалар. Лекин, айрим масъуллар давлатимиз раҳбарининг “Чиқараётган барча қонун ва қарорларимиз тагида, замирида бир нарса — одамларни рози қилиш, уларнинг дардини билиш, ҳис қилиш мавжуд. Пастга тушиб, одамларнинг дарди билан яшаш — яккаю ягона ва энг улкан мақсадимиздир”, деган таъкидларининг туб моҳиятини ҳали етарлича тушуниб етмаган кўринади. Акс ҳолда берунийлик II гуруҳ ногирони 2 ойдан буён ногиронлик нафақасини ололмай сарсон бўлмасди.

 

Ғайратжон ОТАЖОНОВ,

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси мухбири