Ушбу шиор остида Тошкент шаҳрида IP протоколи (IPTV) бўйича маълумотлар узатишга асосланган телевидениенинг янги авлоди имкониятларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
«Ўзбектелеком» АК «ZTE» компанияси билан ҳамкорликда ускуналарни модернизациялаш, IPTV амал қилиш ҳудуди ҳамда маҳаллий томошабинлар ушбу технология воситасида фойдаланаётган хизматлар кўламини кенгайтирмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзбектелеком» АК, «ZTE» компанияси вакиллари, алоқа ва телекоммуникация, оптик толали технологиялар соҳалари мутахассислари иштирок этди.
IРТV – бу телевидениенинг янги авлоди бўлиб, абонентларга интерактив хизматлардан фойдаланган ҳолда нафақат телекўрсатувларни томоша қилиш, балки уларни бошқариш имконини ҳам беради. «Ўзбектелеком» АК етти йил мобайнида «ZTE» компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда IРТV хизматларини жорий этиш ишларини амалга оширмоқда. Ушбу хизмат абонентлар орасида катта шуҳрат қозониб, унга бўлган талаб кундан-кун ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бугунги кунда «Ўзбектелеком» АК IРТV га 50 мингдан ортиқ киши уланган.
Матбуот анжумани иштирокчиларига «Ўзбектелеком» АК тақдим этаётган замонавий IРТV нинг барча имконият ва хизматлари намойиш этилди. Ушбу технологиянинг афзалликлари қаторида интерфаоллик ва фойдаланувчиларга кенг кўламли қўшимча хизматлар тақдим этишнинг имкониятларига алоҳида урғу берилди. Телевизион дастур ва фильмларни индивидуал равишда танлаш тизими шулар жумласидандир. Фильм ёки телекўрсатувни исталган вақт каталогдан буюртма қилиш мумкин, бунда орқага қайтариш, тўхтатиб туриш ва хатчўп ўрнатиш каби функциялардан фойдаланилади. IРТV нинг яна бир афзаллиги «кўрсатувни узатиш вақтини орқага суриш» хизмати ҳисобланади. Телеканалларни томоша қилиш асносида фойдаланувчи ўзига ёққан теледастурни тўхтатиб, ўзига қулай вақтда уни охиригача кўриб олиши мумкин. Бундан ташқари, технология бир вақтнинг ўзида бир неча овоз йўлакчаларида узатилаётган каналларнинг трансляция тилини ўзгартириш имконини беради.
Тадбир сўнггида, айниқса, юртимизнинг чекка ҳудудларида IPTV фаолияти самарадорлигига таъсир кўрсатувчи шарт-шароитлар ва мезонлар муҳокама қилинди.

 

Роман Бондарчук, ЎзА