Доминикан Республикасида 23 февраль ўзбек кураши миллий куни деб эълон қилинди

Доминикан Республикаси кураш федерацияси Жанубий Америкада энг етакчи миллий федерациядир. Федерация раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили мунтазам тарзда мамлакат чемпионатлари, қитъа биринчиликлари юқори даражада ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, 2005 йил ёшлар ўртасида V жаҳон чемпионатига Доминикан Республикаси мезбонлик қилгани кураш мухлислари ёдида. Ушбу мамлакат 2015 йил Панамерика Кураш конфедерациясига аъзо федерациялар иштирокида Кураш ойлиги ўтказилишининг ташаббускори бўлган.
2018 йилдан бошлаб 23 февраль Доминикан Республикасида Кураш миллий куни сифатида нишонланадиган бўлди.
photo_2018-02-21_15-35-54.jpg
Доминикан ҳукумати қўллаб–қувватлаши ва мамлакат Кураш федерацияси ижроия қўмитаси қарори билан 23 февраль куни кураш бўйича кўргазмали чиқишлар, ҳакамлик семинарлари, ўқув машғулотлари, турли танловлар ва кураш спорти тарғиботига бағишланган бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилиши белгиланди.
– Кураш миллий куни спортчиларимиз, мураббийларимиз, ҳакамларимиз ва бошқа мутахассислар томонидан бетакрор кайфият ва муҳитда нишонланади, – дейди Доминикан кураш федерацияси президенти Исраил Карабало. – Бу тадбирга мамлакатимиз пойтахти Санто-Доминго шаҳри, шунингдек, Азуа, Перавия, Сан-Кристобаль, Сан-Педро-де-Макорис, Монте-Плата, Ла-Вега, Сан-Хуан, Дуарте, Санчес-Рамирес ва бошқа провинцияларда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ишонамизки, Кураш миллий куни Доминикан Республикасида кураш оммавийлигини янада оширишга хизмат қилади.
Кураш спорти ўз жозибасию инсонпарварлиги боис она сайёрамиз халқлари кўнглидан муносиб ўрин эгалламоқда. Ҳар йили кураш халқаро оиласига аъзо бўлаётган давлатлар сони мунтазам ошиб бормоқда.
Бугунги кунда “кураш”, “ҳалол”, “тўхта”, “таъзим”, “ёнбош”, “чала” каби ўзбек сўзлари жаҳоннинг 130 дан ортиқ мамлакатида жарангламоқда.
Халқимизнинг фахри бўлган кураш қисқа вақт ичида ривож топиб, Осиё ўйинлари таркибидан расман ўрин олди. Шу йил кузда Индонезияда қитъамиз полвонлари Осиё ўйинлари ғолиблиги учун гиламга чиқади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 октябрдаги “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора–тадбирлари тўғрисидаги” қарори миллий бўлган кураш ривожини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Материал Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

 

ЎзА