Ўзбекистон – Озарбайжон: Тадбиркорликда янги ҳамкорлик

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Озарбайжон ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирда 20 дан ортиқ озарбойжонлик йирик компания вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда Озарбайжон Республикаси сармояси иштирокида 84 корхона фаолият юритади. Озарбайжонда эса Ўзбекистоннинг 2 корхонаси ташкил этилган. Булар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзавтосаноат» дилерлик марказидир.

Бизнес-форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Озарбайжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ва Озарбайжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси президенти Мамед Мусаев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда икки мамлакат ишбилармонлари ҳамкорликдан бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

 

Улугбек Асроров, ЎзА