Энг яхши лойиҳа муаллифлари аниқланди

«Туркистон» саройида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» биринчи республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, ташаббус ва ғояларини юзага чиқариш учун яқиндан кўмаклашиш, оғирини енгил қилиш доимий эътиборда бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан юртимиз аёлларининг инновацион ғоялари, лойиҳалари, ишланмаларини амалиётга жорий этишга ҳар томонлама кўмаклашиш, фан, таълим, иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз фаолияти самарадорлигини юксалтириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борадаги амалий ишлар натижасида «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» танлови ташкил этилиб, унда ўз техник лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмаларини амалиётга жорий этиш истагида бўлган олималар, докторантлар, истеъдодли талаба ва ўқувчи қизлар, ихтирочилар, рационализатор, муҳандис, конструктор, дастурчи, шифокор, тадбиркор аёлларнинг изланишлари атрофлича ўрганилди.

Пойтахтимиздаги Турин политехника университетида шу йил 6-7 февралда бўлиб ўтган тадбирда уларнинг иши билан атрофлича танишиш, янгиликларнинг ўзига хослиги, афзаллигига оид илмий тақдимотларда қатнашиш имконияти яратилди. Ушбу танлов юртимиз хотин-қизларининг иқтидори, изланиши, уддабуронлиги, тадбиркорлиги, эпчиллигини яна бир карра кенг жамоатчиликка намойиш этди. Ишланмалар тиббиёт, таълим, илғор технологиялар, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган.

18.JPG

– Бу танловда иштирок этишнинг ўзи катта шараф, – дейди Тошкентдаги Турин политехника университети талабаси Насиба Исломбоева. – Сабаби, унда илм-фан, инновацион технологиялар, тадбиркорлик бўйича изланаётган аёлларнинг ишланмалари, улар меҳнат қилаётган корхона ва ташкилотлар фаолиятидан атрофлича хабардор бўлиш имконияти яратилди.

Республика экспертлар кенгаши томонидан ишланмаларнинг янгилиги, мазмун-моҳияти, иқтисодий, маънавий-маърифий самараси, аҳамияти каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди. Энг яхши лойиҳа ва ғоялар муаллифларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

 

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА