Қорақалпоғистонда жорий йилнинг март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлардаги юридик ходимлар малакасини ошириш бўйича сайёр ўқувлар йўлга қўйилади.

Президентимизнинг 2017 йил 19 январдаги «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этиладиган малака ошириш ўқувларида давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик ходимлари ҳар 3 йилда камида бир маротаба малака ошириши ва мазкур вазирликда ҳамда унинг ҳудудий органларида аттестациядан ўтиши белгиланган.

– Биз қорақалпоғистонлик юристларнинг Тошкент шаҳрига бориб ўқиши, аттестациядан ўтиб келишини таҳлил қилиб кўрдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими П.Қожаметов. – Кетган вақти ва маошини ҳисобламаганда, ташкилотлар ҳисобидан уларнинг ҳар бири учун ўртача 4 миллион сўм атрофида маблағ сарфланар экан. Шундан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ўртасида шартнома тузилди ва бундан буён ўқувларни Нукус шаҳрида ташкиллаштириш белгилаб олинди.

Айни пайтда сайёр ўқувни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА