Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент вилояти ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан ногирон, ёши улуғ кексаларга фуқаролик паспорти уларнинг уйига бориб топширилмоқда. Соҳа ходимлари фуқаролик паспорти учун зарур бўлган расм ва бармоқ изларини олишга мўлжалланган мобиль қурилма воситасини аҳоли хонадонларига олиб бориб, хизмат кўрсатмоқда.

Зангиота туманидаги «Сортепа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, ногиронлиги бўлган Абдураҳмон Ортиқбоевга туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фуқаролик паспорти топширилди.

– Давлатимиз томонидан ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда, – дейди А.Ортиқбоев. – Мутахассислар имкониятим чекланганлигини ҳисобга олиб, мобиль қурилма ёрдамида уйимда тез фурсатда қулай хизмат кўрсатди. Ҳеч қандай ортиқча оворагарчилик, қийинчиликлар бўлмади. Уларнинг беминнат ёрдами билан бугун янги фуқаролик паспортимни қўлимда ушлаб турибман. Бундай қулайликларнинг бўлгани қандай яхши!

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА