Мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Уларнинг ўз маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Бу ижтимоий келиб чиқиши, дини, миллатидан қатъи назар, барчамизни шу Ватан фарзанди сифатида ягона мақсадлар атрофида бирлашиб, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда.
Шу кунларда рус халқининг миллий байрами – “Широкая масленица” мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда Рус миллий маданий маркази томонидан ташкил этилган байрам тантаналари ҳам табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқликни тараннум этувчи дастур ва қизиқарли томошаларга бой бўлди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Рус миллий маданий маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари байрам иштирокчиларини қутлар экан, мамлакатимизда турли миллат вакилларининг миллий маросимларини ҳамжиҳатликда нишонлаш ўзига хос анъана тусини олганини таъкидлади.
Байрамда “Широкая масленица” тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида сўз юритилди. Рус миллий куй-қўшиқлари, ёш истеъдод эгаларининг бадиий чиқишлари сайлга ўзгача тароват бағишлади.
– Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданиятини ривожлантириши учун барча имконият ва шароитлар мавжуд, – дейди Тошкент шаҳрида яшовчи Нина Тиригова. – Диёримизда қарор топган ҳамжиҳатлик сабаб биз ҳам миллий байрамларимизни нишонлаш, сайлларда қатнашиш, кўрик-танловлар ташкил этиш имконига эгамиз. Наврўзда бўлганидек, “Масленица”, “Сабантўй” каби байрамлар ҳам турли миллатга мансуб юртдошларимиз иштирокида нишонланмоқда. Бу одамларни янада меҳр-оқибатли бўлишга ундайди, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА