IT-лойиҳаларни бошқариш тизимида ўзгаришлар бўлди

Пойтахтимизда Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор фаолияти, унинг Ўзбекистонда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва интеграция қилишдаги асосий мақсад ва вазифаларига бағишланган “Uzinfocom-2018” анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор, халқаро компанияларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда техник ишланмалар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари ва ушбу маҳсулотларни интеграция қилиш ва маҳаллийлаштиришга ихтисослашган корхона вакиллари иштирок этди.

2017 йилда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари тармоғи ўсиш суръатлари бўйича етакчи ўрин эгаллади. Масалан, ўтган йили алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 7,9 триллион сўмни ташкил этди. Маҳаллий софтвер саноати ҳам ижобий кўрсаткичларга эришди. Ўтган йили мамлакатимиз дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминотнинг экспорт ҳажми 49 фоизга ошган.

Таъкидлаш жоизки, банк хизматларига янги технологияларни жорий этиш самарасида ўз фаолиятининг янги босқичини бошдан кечираётган электрон тижорат, хусусан, улар орасида алоҳида ўринга эга интернет-банкинг соҳасида ҳам жадал ўсиш суръатлари кузатилди. Натижада нақд пулсиз, электрон тўловлар ёрдамида хизмат ва товарларни харид қилиш имконияти юзага келди.

Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторнинг вазифа ва функциялари анжуман иштирокчиларида, айниқса, катта қизиқиш уйғотди. Зеро, унинг фаолияти маҳаллий ахборот технологиялари бозори тенденцияларига салмоқли таъсир кўрсатади.

Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторнинг директори вазифасини вақтинча бажарувчи У.Тагалиевнинг таъкидлашича, Президентимизнинг 2017 йил 29 августдаги “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази негизида Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ташкил этилди. Янги орган зиммасига “Электрон ҳукумат” тизимидаги ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотлар, иқтисодиёт тармоқларидаги ахборот технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш, интеграция қилиш ҳамда тегишли лойиҳавий ва техник ҳужжатларни тайёрлаш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, ягона интегратор аҳоли ва бизнес соҳасига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада такомиллаштириш билан шуғулланади, маҳаллий корхона ва ташкилотларни “Электрон ҳукумат” тизимидаги лойиҳаларни амалга оширишга изчил жорий этиш орқали юртимиз ахборот-коммуникация технологиялари бозори ва софтвер саноатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор зиммасига юклатилган дастлабки вазифалардан бири халқаро стандартларга мувофиқ, юқори технологияли хизматлар ва товарлар кўламини кенгайтириш ҳисобига маҳаллий ахборот-коммуникация технологиялари бозори ва софтвер саноатининг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат. Бу нафақат юқори технологияли маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг пайдо бўлиши, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.

Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ҳузурида “U-Lab” илмий лабораториясини ташкил этиш режалаштирилмоқда. У стартаплар учун технологик майдонча ва инновацион ишланмаларни синаш учун полигон вазифасини ўтайди.

 

Роман Бондарчук, ЎзА

  16.02.2018, 15:28  |    203 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!