Чекка туманларда кӯзи ожизлар учун махсус кутубхоналар очилади

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Республика кўзи ожизлар кутубхонаси директори Алима Ахетова кутубхонанинг Нукус шаҳри, Тўрткўл, Элликқалъа, Кегейли туманларида филиаллари очилиши тўғрисида маълумот берди.

Кутубхоналар туман марказларидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари биносида фаолият юритади.

Бундай филиалларни ташкил этишдан асосий мақсад, кўзи ожиз инсонлар ва улар оила аъзоларининг билим олиш даражасини ошириш, кутубхона ишини кучайтириш, кутубхона фонди, ўқув-услубий, бадиий-адабий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, штатлар бирлигида кўрсатилган тажрибали мутахассислар билан таъминлаш ишларини амалга оширишдан иборат.

Кутубхоналар гапирувчи, текис босмали ва Брайль шрифтидаги адабиётлар билан таъминланади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, бу каби кутубхона филиаллари аввал Чимбой, Хўжайли, Амударё, Қўнғирот, Беруний туманларида очилган.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА