“Замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг янгилик яратишга, инновацияни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу фикрлари қонунчиликда ҳам акс этмоқда. “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани бунинг амалий ифодасидир.

ЎзА мухбири мазкур қонун моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиевга мурожаат қилди. 

– Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Зеро, инновация – бу келажак дегани. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилган.

Шундан келиб чиқиб “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасида инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари ўрин олди. Унда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инновацияларни амалиётга жорий этишга оид қоидалар назарда тутилмоқда.

Инновация – илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларнинг натижасида жамият эҳтиёжлари ва ёки бошқа ижобий таъсир учун яратилган янги ёки такомиллаштирилган маҳсулот (товар, иш, хизмат ва бошқалар), ишлаб чиқариш жараёни, янги маркетинг усули, янги иш ўринлари ёки ташқи алоқалар ҳисобланади.

Лойиҳада инновацион фаолият билан инновацион фаолиятга ихтисослаштирилган ташкилотларни яратиш назарда тутилган. Давлат бюджети маблағларини сарфлаб яратилган интеллектуал мулк объектлари ва технологияларга бўлган ҳуқуқларни уни яратувчиларга бериш тартибга солинмоқда.

Мазкур тартиб истиқболли илмий тадқиқотларнинг апробацияси, жорий этиш ва саноатда ўзлаштиришни рағбатлантириш механизмини таколмиллаштиради. Инновация ва инновацион фаолиятни молиялаштириш бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар, шу жумладан инновацион ва венчур фондлар жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу қонунинг қабул қилиниши инновацион фаолият юритиш учун ҳуқуқий майдон яратади. Инновацион фаолият натижасида яратилган ишланмалар ҳаётга тезроқ тадбиқ этилади.

Айни пайтда Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси жамоатчилик таклифлари асосида янада такомиллаштирилади.

 

Норгул Абдураимова,ЎзА