Халқимизда “нодонга амал бериб сина”, деган нақл бор. Афсуски, орамизда амал курсисига ўтиришни моддий бойлик тўплашнинг калити, деб биладиганлар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон Республика Бош Прокуратураси ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятлар, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Конимех тумани бўлими маълумотига кўра, А.Жовлиев (исм-шариф ўзгартирилган) 2015 йилда Конимех тумани “Қарақата” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган коллежга директор этиб тайинланади. Август ойида раҳбарликка киришган мансабдор шахс бир ой ўтар-ўтмас қинғирликни бошлайди. Ҳисобчи ва бошқалар билан тил бириктириб, ходимларнинг ишга келмаган кунлари юзасидан расмий ҳужжат ҳисобланган табелга тўлиқ иш куни сифатида кўрсатиб, давлат маблағларини ўзлаштиради. Меҳнат қонунчилигига кўра “ҳайфсан” интизомий жазоси олганлар мукофот пулидан маҳрум қилиниши лозим. Бироқ, директор ходимларни қонунга зид равишда ҳам жазолаб, ҳам мукофотлайди. Коллежда 0,5 штатда ишлаган айрим ходимларнинг иш жойини тўлиқ кўрсатиб, нотўғри тўланган маблағларни жиғилдонига уради.
А.Жовлиевнинг бу қилмиши ҳеч бир мезонга тўғри келмайди. У бундай жиноий ҳаракатларини 2017 йилнинг баҳорига қадар давом эттиради. Апрель ойида коллежнинг молиявий ишлари текширилгач, барча қинғирликлар маълум бўлди. Жиноятчиларнинг қилмиши судда кўриб чиқилиб, қонуний жазо тайинланди.

 

Н.Раҳимов, ЎзА мухбири