Хотин-қизлар фаоллигини ошириш йўлида

Андижонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, ҳуқуқшунос ва олима аёллар, жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. – Айни кунда вилоятимизда икки мингдан зиёд аёл тадбиркорлик, 20 минг нафарга яқини ҳунармандлик соҳасида фаолият юритаётган бўлса, 220 нафари фуқаролар йиғини раиси вазифасида иш олиб бормоқда. Ушбу рақамлар ҳам хотин-қизлар жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этаётганини кўрсатади.

Тадбирда мавзуга оид слайдлар, телероликлар намойиш этилди, мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Самарали фаолият олиб бораётган бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари етакчиларига фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

  24.05.2017, 08:32  |    1276 Просматривали раз

Спасибо!

Теперь редакторы в курсе.