Обод маҳалла – юрт кўрки

Ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз, яшаш тарзимиз, оилаларимиздаги маънавий муҳит ва фарзандлар тарбиясини маҳалладан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойитиб борилмоқда.

Тошлоқ туманидаги «Заркент» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 25 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда турмуш фаровонлигини ошириш, ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Маҳалланинг обод ва кўркам бўлиши аҳолининг ҳамжиҳатлиги, ўзаро меҳр-оқибатига бевосита боғлиқ. Зеро, аҳиллик бор жойда осойишталик, ободлик, хотиржамлик бўлади. Заркентда бунга қатъий амал қилинади. Фуқаролар йиғини қошидаги оқсоқоллар кенгашининг одамлар билан бамаслаҳат иш олиб бораётгани ҳар қандай масалага оқилона ечим топиш имконини бермоқда.

Юқориқишлоқ, Турват, Жарқишлоқ, Янгийўл, Қашқар, Чуқурқишлоқ, Заркент маҳаллаларида томорқачиликда яхши тажриба тўпланган. Ҳудуд аҳолиси шахсий торморқасидан қишин-ёзин мўл ҳосил олиб, бозорлар тўкинлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда. 58 фермер хўжаликлари пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик ва бошқа йўналишларда самарали фаолият кўрсатаётир.

– Маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларидан аҳоли мамнун, – дейди қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдумалик Юсупов. – 2013 йилда Чуқурқишлоқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Заркент, Қашқар маҳаллаларининг янги кўчаларига асфальт ётқизилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом этмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш муҳим омил бўлаётир. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилаётир.

“Заркент обод сервис”, “Заркент ойдин йўли”, “Заркент дилхуш файзи” каби ўндан ортиқ оилавий корхоналар самарали фаолият олиб бормоқда. Қишлоқ ёшлари бўш вақтини мазмунли ўтказишида умумтаълим мактаби ва агросаноат касб-ҳунар коллежида ташкил этилган ўндан ортиқ спорт тўгараклари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган хайрли ишлар юрт истиқболи, эл манфаатига хизмат қилаётир.

  24.05.2017, 07:34  |    1279 Просматривали раз

Спасибо!

Теперь редакторы в курсе.