Битирувчилар бандлиги доимий эътиборда

Камола Козимжонова Янгийўл технология-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси. Унга ўзи таҳсил олаётган муассасада ташкил этилган тадбирда «Агробанк» туман филиали томонидан тикувчилик фаолиятини йўлга қўйишда имтиёзли кредитдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.

Бу сертификат аввалига Камоланинг тадбиркорликни йўлга қўйиш борасида ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Бир муддат ўтгандан сўнг эса бу ишончга иккиланишми, бизнес-режаси билан боғлиқ турли саволларми, ҳар қалай ўзига ҳам нотаниш бир ҳис эш бўла бошлади. Камола бу саволларга тадбир давомида ташкил этилган маърузалардан жавоб топди…

Тошкент вилояти Янгийўл туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий ҳамда вилоят кенгашлари томонидан “Партиянинг сайловолди дастури ижроси: амалий ишлар ва мавжуд муаммолар” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Унда партия марказий ҳамда вилоят кенгашлари, тумандаги тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партия маҳаллий Кенгашлар ва депутатлик гуруҳлари аъзоларининг фаоллигини янада юксалтириш, ҳуқуқий билим ва малакасини ошириш, электорат манфаатларига дахлдор масалалар бўйича таклифлар киритиш борасидаги ишларини такомиллаштириш хусусида ҳам фикр алмашилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш, ечимини кутаётган масалаларни имкон қадар жойида ҳал этиш муҳим масала саналади, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Дархонов. – Шундан келиб чиқиб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, муаммоларини ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш мақсадида партиянинг барча бўғинларида фаолият олиб бораётган “Жамоатчилик қабулхоналари” фаолиятини янада самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, бугунги семинар доирасида кўчма “Жамоатчилик қабулхонаси” ташкил этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг турли ҳудудларида мана шундай кўчма “Жамоатчилик қабулхоналари” 7 марта ташкил этилди. Мазкур қабулхоналарга бўлган 80 га яқин мурожаатнинг 70 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолганлари депутатлар ва ижро ҳокимияти органлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда коммунал хизмат, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олиш каби масалалардаги мурожаатлар нисбатан кўпроқ экани маълум бўлди.

“Жамоатчилик қабулхоналари”га келиб тушаётган мурожаат ва таклифларда аҳоли бандлиги билан боғлиқ масалалар салмоғини инобатга олиб, семинар доирасида Янгийўл технология-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, вақтинча ишсиз ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ва ҳудуддаги етакчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда туман меҳнат бўлими, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, тижорат банклари вакиллари иштирок этди. Бу каби тадбирлар партиянинг бошқа ташкилотлар билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, жойларда аниқланган муаммоларни ҳамкорликда, жойида ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Меҳнат ярмаркасида Янгийўл хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳам иштирок этди. Ушбу муассаса ўқувчилари тақдим этилган бўш иш ўринлари, ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди. Коллежнинг 10 нафар ўқувчиси мутахассислиги ва қизиқишига кўра ишга йўлланма олди. Ўқувчилардан бири Мафтуна Алижонованинг келгусида қайси ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини бошлаши билан қизиқдик.

– Тикувчилик ҳамда замонавий дизайндаги болалар кийим-кечакларини яратишга қизиқаман. Шунинг учун ярмаркада кўпроқ шу йўналишдаги корхоналар фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишдим, – дейди Мафтуна. – Туманимиздаги “Fortuna elegant” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик цехи билан меҳнат шартномаси имзоладим. Иш ҳақи ва ишчилар учун яратилган шароитлар менга маъқул бўлди. Маҳсулотлари асосан хорижга экспорт қилинадиган ушбу цехда тажриба орттириб, кейинчалик мана шундай имкониятларга эга ўз корхонамни йўлга қўяман.

Тадбирда битирувчиларга банк хизмати, бизнес-режа тузиш, кредит ажратиш тартиби, кредит турлари ва гаров таъминоти, солиқ ва солиқ ставкалари ҳақида маълумотлар берилди. Ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган бир гуруҳ касб-ҳунар коллежи битирувчиларига ҳудуддаги тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш имкониятини берувчи сертификатлар топширилди.

 477 Просматривали раз

Спасибо!

Теперь редакторы в курсе.